Жамият | 20:22 / 24.08.2020
2918
4 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим тизимида кадрлар сони қарийб икки бараварга оширилди

Ўзбекистонда ёш авлод таълими, тарбияси давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб келган. Негаки, мамлакат келажаги, эртага унинг қайси йўлдан бориши кўп жиҳатдан қандай авлод шаклланишига боғлиқ.

Кутилган натижага эришиш, теран фикрлайдиган, жисмонан ва руҳан тетик ёшларни тарбиялаш учун аввало таълимнинг ҳар бир бўғини яхши шаклланган бўлиши керак. Айниқса, мактабгача таълим муассасалари. Сабаби болаларга таълим беришнинг илк босқичи айнан шу ердан бошланади, уларнинг шахс сифатида шаклланишига маълум маънода таъсир кўрсатади.

Ҳозир боғчалардаги шарт-шароит, уларга берилаётган эътибор ҳар қачонгидан юқорилигини эътироф этмай илож йўқ. Йилдан йилга боғча ёшидаги болаларни қамраб олиш кўрсаткичи ошиб боряпти, чекка ҳудудларда ҳам озми-кўпми бунга ҳаракат қилинаётганини кўряпмиз.

Масалан, биргина мактабгача таълим тизимини узоқ ва қисқа муддатли истиқболини белгиловчи 65та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг амалдаги ижроси сезила бошлади.

Жумладан, 3–7 ёшдаги болалар қамрови 27 фоиздан 54 фоизга (мактабгача ёшдаги 2,7 млн нафар болаларнинг умумий сонидан 1 млн 413 минг 290 нафар болага) оширилди. Жумладан, мактабгача таълим секторини ривожлантириш натижасида мактабгача таълим ташкилотлари сони 5 минг 211дан 14 минг 181га етказилди. Шундан, 6 минг 21таси давлат, 8 минг 160таси нодавлат (753таси хусусий, 6 минг 715таси оилавий ва 692таси давлат-хусусий шерикчилик асосида) мактабгача таълим ташкилотларидир.

Лекин буларнинг ўзи билан иш битмайди. Яратиб берилаётган имкониятлар кутилганидек самара бериши учун шунга мос равишда юқори савияли педагог кадрлар бўлиши зарур. Улар болаларни эрталаб қабул қилиб, кечки пайт ота-онасига топширадиган кузатувчилар эмас. Бундай қарашдан бутунлай воз кечиш, бу борада профессионал ёндашиш керак.

Мактабгача таълим тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлар юқорида санаб ўтилган имкониятлар даражасига аста-секин чиқа бошлаётганини кўряпмиз. Тизим мутасаддилари ҳам кўп нарса педагогларга, болалар билан куни бўйи бирга бўладиган тарбиячиларга боғлиқ эканини тўғри англаган ҳолда, ходимларнинг малакасига алоҳида эътибор қарата бошлади.

Жумладан, Мактабгача таълим вазирлиги маълумотларига кўра, мактабгача таълим муассасаларида меҳнат қилаётган педагог кадрлар сони 58 минг 400 нафардан 111 минг 874 нафарга етиб, улар орасида олий маълумотли педагоглар сони 12 минг 614 нафардан 37 минг 237 нафарга ўсган. Бу олий маълумотли педагог кадрлар умумий улушининг 33,3 фоизига тенг.

Бундан ташқари, мактабгача таълим ташкилотлари учун илмий педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида «Мактабгача таълим назария ва методикаси» йўналиши бўйича педагог фанлари фалсафа доктори (PhD) илмий даражаси олиш бўйича методологик семинар ва илмий кенгаш фаолияти ташкил қилинди.

Тошкент шаҳрида ташкил этилган Кореянинг Пучон университети филиалида «Мактабгача таълим» йўналишида 784 нафар талабалар таҳсил олмоқда. Бу МТМлар учун яна шунча кадрлар захираси бор деганидир.

Ҳукумат таълим тизимига қаратаётган эътибордан МТМларнинг ҳам четда қолмаётгани таҳсинга лойиқ. Бу ёш авлод тарбияси қанчалик нозик, масъулиятли вазифа эканини англатади. Шунинг учун ҳам аввало болалар тарбиясига, уларни кимлар тарбиялаётганига ҳар қачонгидан кўра кўпроқ аҳамият бериш зарур. Акс ҳолда, шунча қилинган иш, яратиб берилаётган шароит, сарфланаётган маблағлар ҳавога учиши ҳеч гап эмас.

Зиёдбек Исмоилов

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид