Жамият | 11:35 / 24.08.2020
7443
2 дақиқада ўқилади

Ўқишини кўчириш ва тиклаш истагини билдирганларга аризаларини таҳрирлаш учун вақт берилди

Рад этилган аризаларнинг камчиликларини таҳрирлаш учун охирги муддат 25 август куни соат 23:59гача этиб белгиланган.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020-2021 ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш (тиклаш) мақсадида онлайн рўйхатдан ўтган фуқароларнинг аризалари тўлиқ кўриб чиқилганини ва айрим аризалар рад этилганини маълум қилди.

Рад этилган аризаларнинг камчиликларини таҳрирлаш учун охирги муддат 25 август куни соат 23:59гача этиб белгиланган.

«Бу муддатдан сўнг аризани таҳрирлашга йўл қўйилмайди ва камчиликлари бартараф этилмаган аризалар кўриб чиқилмайди. Рўйхатдан ўтган барча фуқаролардан ўзларининг шахсий кабинетларига кириб (рўйхатдан ўтишдаги логин ва парол орқали) аризаларининг кўриб чиқилиш ҳолатларини доимий кузатиб боришлари сўралади», деб ёзади вазирлик.

Қабул қилинган аксарият ҳужжатлар қуйидаги сабабларга кўра қайта таҳрирлаш учун қайтарилган:

  • паспорт нусхаси (доимий яшаш манзилига рўйхатга қўйилган бети билан бирга) тўлиқ ёки сифатли юкланмаган. Ўқишни кўчириш тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда талабанинг доимий яшаш манзили асословчи сабаблардан бири ҳисобланади;
  • ОТМда ўқиётганлик (ўқиганлик) тўғрисидаги белгиланган шаклдаги ҳужжат (академик маълумотнома ёки рейтинг дафтарчаси ёки транскрипт) нусхаси тўлиқ ёки сифатли юкланмаган;
  • ўқиган (ўқиётган) ОТМ ёки таълим йўналиши номи тўлиқ киритилмаган;
  • мавжуд бўлмаган ОТМ ёки таълим шакли ёки таълим йўналишига кўчириш бўйича рўйхатдан ўтилган.

Мавзуга оид