Спорт | 16:43 / 24.08.2020
3445
2 дақиқада ўқилади

Спорт вазирлиги: ZOOM орқали ўтказиладиган оғир атлетика бўйича халқаро турнир бошланишига саноқли кунлар қолди

Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида – 28-30 август кунлари оғир атлетика бўйича «Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги кубоги» онлайн халқаро турнири бўлиб ўтади.

 

ZOOM платформаси орқали ташкил этиладиган мусобақада дунёнинг 32 давлатидан 150 нафарга яқин энг сара полвонлар ғолиблик учун баҳс олиб бориш истагини билдирган.

Улар орасида Олимпиада ва жаҳон чемпионлари Зулфия Чиншанло (Қозоғистон), Луис Москера (Колумбия), Ли Веньвень (Хитой) каби машҳур спортчиларнинг борлиги ушбу мусобақага бўлган қизиқиш юқорилигини кўрсатиб турибди. Ўз навбатида, Адҳамжон Эргашев, Акбар Жўраев, Муаттар Набиева каби номдор атлетларимиз ҳам онлайн халқаро турнирда ўз вазн тоифаларида ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Таъкидлаш жоиз, ZOOM платформаси орқали ўтказиладиган беллашувлар «Спорт» телеканали орқали жонли эфирда намойиш этилиши режалаштирилмоқда.

Умид қиламизки, энг улуғ ва энг азиз байрамимиз арафасида бўлаётган мусобақада оғир атлетикачиларимиз ўз ғалабалари билан халқимизни хушнуд этади.

Мусобақа ташкилотчилари  Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги
Матбуот хизмати

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид