Ота-оналар орқали ҳудудлардаги шароитни билиб оламиз – Вазир мактаблар очилиши ҳақида
Бугун, 25 август куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мактабларда 2020-2021 ўқув йилини бошлаш ва санитария қоидаларига риоя этилиши тартиби масалалари ҳақида гапирди.
«Халқ таълими вазирлиги ўқув йилини бошлаш бўйича 3та сценарий устида ишлаётганидан барчанинг хабари бор. Бундан ташқари, биз мактабларга ота-оналарни йиғиб, уларнинг фикрини билайлик, дедик. Эълон қилинган сўровнома орқали ота-оналар фикрини билмоқчимиз. 2 кун давомида буни ўрганамиз.
Ота-оналар ўз фикри ва уй шароитидан келиб чиқиб қарор қабул қилиши керак. Бунинг билан биз ҳар бир мактаб, ҳудуд аҳволини билиб оламиз», дея вазирнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазир ота-оналар фикрига кўра яна қўшимча қарор қабул қилишга имконият бўлишини таъкидлаб ўтган.
«Қонунчиликда таълим мажбурий ҳисобланади. Агарда таълимни анъанавий шаклда давом эттирадиган бўлсак, болаларнинг мактабга келишини талаб қилишимизга тўғри келади. Пандемия шароитида бу унчалик тўғри эмас. Шунинг учун ота-оналар фикрини билиш муҳим.
Сентябрда 6 миллион 300 минг ўқувчи мактабга келади. Агар дарсларни анъанавий тарзда ўтказадиган бўлсак, 4 миллион боланинг ота-онаси норози бўлади. Агар онлайн тарзда дарс ўтиладиган бўлса, қолган 2 миллион боланинг ота-онаси норози бўлади. Шунинг учун уларнинг ҳаммасини рози қилишга ҳаракат қилинмоқда ва ота-оналарнинг фикрлари ўрганилмоқда.
Сўровноманинг мақсади ҳам шу: дарсларнинг қандай ташкиллаштирилишини ота-оналарнинг ўзлари ҳал қилишсин», дея қайд этган у.
Вазир ота-оналардан объектив фикрларини беришларини сўраган.
Бундан аввалроқ Халқ таълими вазири Ўзбекистонда бу йилги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш таклифи киритилгани ҳақида хабар берганди.
Мавзуга оид
16:44 / 11.11.2024
Саудия тараққиёт жамғармаси Қирғизистонда 38 та мактаб қуриб беради
16:00 / 11.11.2024
Хавотир билан бошланган хайрли иш – Фарғонадаги мактаб олма боғидан яхшигина даромад оляпти
15:42 / 28.10.2024
Ўзбекистонда мактабларда кузги таътил 4 ноябрдан бошланади
14:40 / 24.10.2024