17:03 / 25.08.2020
8916

Лицензия ва рухсатнома олиш жараёнлари тўлиқ электронлаштирилади

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Атҳам Турдиев лицензиялаш ва рухсатномалар бериш тизими электрон шаклга ўтказилиши борасида маълумот берди.

«2021 йил 1 январдан лицензия ва рухсат бериш тартибига оид ҳужжатлар тўлиқ электронлаштирилади. Бу борада Адлия вазирлиги тизимли ишларни бошлаб юборган. Ҳозирда дастурий таъминот устида иш олиб боряпмиз.

Бу ягона платформа бўлади. Барча лицензия ва рухсат беришга оид муносабатлар тўлиқ электронлаштирилади. Бевосита QR код амал қилади, гувоҳномага ҳам ҳожат қолмайди. Платформа ишга тушиши билан тадбиркорлар ҳеч бир ташкилотга бормасдан интернет орқали лицензия олиш ёки электрон тарзда лицензиясидан фойдаланиши мумкин бўлади.

Шунингдек, рухсат беришга оид ҳужжатларни ҳам электрон тарзда олиши мумкин бўлади. Вилоятдаги тадбиркорлар ҳам Тошкентга келиб овора бўлмайди. Уйдан туриб электрон рўйхатдан ўтади. Инсон омилини камайтириш ҳисобига коррупция ҳам бартараф этилади» – деди Турдиев 25 августдаги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, 24 августда «Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони имзоланди. Унга кўра, 2021 йил 1 январдан 78 турдаги фаолият билан лицензия ёки рухсатнома олмасдан туриб шуғулланишга рухсат берилади.

Top