Ўзбекистон | 21:08 / 25.08.2020
1709
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда «Кинематография тўғрисида» қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади

Ўзбекистонда «Кинематография тўғрисида»ги қонун лойиҳаси устида иш олиб борувчи ишчи гуруҳи тузилди. «Ўзбеккино» миллий агентлигидан маълум қилишларича, ишчи гуруҳ киноижодкорлар иш самарадорлигини оширишнинг барча принципиал муҳим масалаларини кўриб чиқади.

«Биз президентимизнинг 30 йилдан бери Ўзбекистон киносаноатида мавжуд эскирган ва архаик механизмлардан воз кечишга чорлайдиган «Кинематография тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш тўғрисидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаймиз. Миллий киносаноатимизда бир қатор институционал ва ҳуқуқий-норматив камчиликлар мавжуд.

Жумладан, ички норматив-ҳуқуқий базанинг такомиллашмагани, таълим сифатининг етарли эмаслиги, кинематографик меросни сақлаш бўйича изчил сиёсатнинг йўқлиги, моддий-техник базанинг пастлиги, кинопрокат имкониятларининг етишмаслиги ҳамда ўзбек фильмларининг танқислиги ва паст рақобатбардошлиги, кино компанияларини фильмлар сериясини яратишга жалб қилиш амалиётининг йўқлиги ҳам долзарб масалалардан.

Интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммоси, чет эллик шерикларнинг Ўзбекистонда кино саноатини ривожлантириш истиқболлари тўғрисида етарли даражада хабардор эмаслиги, кинофестиваллар, кино бозорлари, кўргазмалар ва бошқа тадбирларнинг мунтазам ташкил этилмаслиги каби асосий сабаблар Ўзбекистондаги кино саноатидаги вазиятга салбий таъсир кўрсатди», – дейилади «Ўзбеккино» миллий агентлиги баёнотида.

Аввалроқ Ўзбек киноматографиясини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси жамоатчилик муҳокамасига қўйилган эди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид