Жаҳон | 03:03 / 25.08.2020
5232
2 дақиқада ўқилади

Трамп Республикачилар партиясидан президент лавозимига расмий номзод этиб тасдиқланди

АҚШ президенти Дональд Трамп ва вице-президент Майк Пенс 2020 йилги президент сайловларига расмий номзодлар бўлишди. Республикачилар партиясининг Шарлотт шаҳрида ўтган қурултойида кўпчилик делегатлар уларнинг номзодларини қўллаб-қувватлади. 

Фото: Reuters/Pixstream

Трамп жиддий рақобат йўқлиги сабабли партия ичидаги праймеризларнинг барчасида ғалаба қозонган. Шу сабабли унинг номзодини тасдиқлаш жараёни расмиятчилик бўлган. У иккинчи муддатга номзод сифатида илгари сурилиш учун қурултойда зарур овоз тўплай олди. Вице-президент лавозимига номзод амалдаги вице-президент Майк Пенс бўлди.

Трампнинг ноябрда ўтадиган сайловлар бўйича бош рақиби АҚШнинг собиқ вице-президенти Жозеф Байден бўлди. У 19 августда Демократик партиядан расмий номзод этиб танланган. Байден партия қурултойидаги нутқида Трампни, жумладан, унинг коронавирусга қарши курашишини танқид остига олган. “Бизнинг амалдаги президент миллат олдидаги энг асосий бурчини бажара олмади: у бизни ҳимоялай олмади”, деб айтган Байден.
 
Демократлардан вице-президент лавозимига номзод сифатида 55 ёшли Камала Харрис тасдиқланди. У ушбу лавозимга номзоди илгари сурилган биринчи қора танли аёл бўлди.

АҚШ президенти сайловлари 2020 йил 3 ноябрда, президент инаугурацияси эса 2021 йил 20 январда бўлиб ўтади.

Мавзуга оид