АҚШ президентлигига такрор сайланиш учун номзодини илгари сураётган Дональд Трампга тўртинчи жиноий иш бўйича айблов эълон қилинди. Хўш, нега орадан уч йил ўтиб, собиқ президентга нисбатан кетма-кет тергов ва суд ишлари очиляпти? Ушбу сонда бунинг сабаблари ҳақида фикр юритамиз.

Шу бир йилнинг ўзида, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трампга қарши тўртта жиноий иш очилиб, тергов ишлари бошлаб юборилди. АҚШ – дунёнинг биринчи иқтисодиёти ва биринчи ҳарбий қудрати, демократик дунё лидери. Шунинг учун бу давлатдаги сиёсий жараёнлар – глобал сиёсатга таъсир қилади. Айниқса, келаси 2024 йил – президентлик сайловлари йили экани эътиборга олинса, Трамп атрофидаги жараёнларни таҳлил қилиш жуда муҳим.

Демак, Трампга қарши тўртта жиноий иш очилди. Улар қайсилар? 2020 йилда сайловларни ютқазиб бошлагач, Трамп Жоржия штати мутасаддиларига телефон қилиб, “етишмаётган овозларни топишни ва ушбу штатда Трамп ғалабасини таъминлашни” талаб қилган, босим ўтказган. Натижада Жоржия штати Трампга қарши сайловларни сохталаштиришга чақириқ ва қасамёд остидаги давлат мулозимига ўз ваколатларини суиистеъмол қилишга ундаш каби айблар қўйилган.

Яна 2020 йилда сайловларни ютқазиб қўйгач, Трамп ўз тарафдорларига мурожаат қилиб, “Бизнинг овозларимизни ўғирлашди. Овозларимизни эшитишларига эришиш керак”, деган ва намойишчиларни Капитолийга бостириб киришига психологик рағбатлантирган.

Қолаверса, 2016 йилда ҳали АҚШ президентлигига сайлов кампанияси кетаётган вақтда Америка жамоатчилигидан ўзи ҳақидаги муҳим хабарларни яшириш мақсадида бир неча аёлларга пора берган. Натижада, АҚШ жамоатчилигидан бўлғуси президент ҳақидаги муҳим маълумотлар яширилган.

Ва ниҳоят, президентликдан кетгач, Трамп ўзининг шахсий уйига жуда кўплаб махфий ҳужжатларни олиб кетган. АҚШ қонунларига кўра, Трампнинг бу маълумотларни уйига олиб келишига ҳуқуқи бўлмаган.

Трамп президентликдан бўшаганига мана уч йил бўляпти. Лекин нега орадан уч йил ўтиб, собиқ президентга нисбатан кетма-кет суд ишлари очиляпти?

Америкада ёзилган қонунлардан ташқари, сиёсий анъана даражасидаги ёзилмаган қоидалар ҳам бор. Мисол учун, АҚШда амалдаги президентлар бошқа давлат институтлари, ОАВ ва фуқаролик жамияти томонидан тийиб турилади, назорат қилинади, мислсиз танқид қилинади. Ишдан бўшагач, собиқ президентлар амалиётда “дахлсиз” деб кўрилади. Уларга катта нафақа тайинланади. Собиқ президентлар алоҳида ҳурмат-эътибор марказида бўлишади. Уларга ва уларнинг оила аъзоларига давлат томонидан тансоқчилар берилади, хавфсизлиги кафолатланади. Шунингдек, собиқ президентларнинг махфий маълумотлар олиш ҳуқуқи ҳам сақланиб қолади.