Жаҳон | 17:21 / 27.08.2020
1833
2 дақиқада ўқилади

Германия ҳукумати оммавий тадбирларга қўйилган тақиқни 2021 йилгача узайтирмоқчи

Германияда ўтган суткада 1507та янги ҳолат қайд этилган.

Ангела Меркел / Фото: Reuters

Германия ҳукумати оммавий тадбирлар ўтказишга қўйилган тақиқни 2021 йил 31 декабргача узайтирмоқчи. Reuters агентлигининг хабар беришича, бу канцлер Ангела Меркелнинг федерал ерлар ҳукуматлари раҳбарлари билан қўшма конференцияси резолюцияси лойиҳасида кўзда тутилмоқда.

 Оммавий тадбирлар деганда халқ сайллари, томошабинларнинг спорт мусобақаларига ташрифи, катта концертлар, кўча, қишлоқ ва шаҳарлардаги байрамлар тушунилади. Ёпиқ ҳудудлардаги хусусий тадбирларда иштирокчилар сони 25 кишидан, хусусий бўлмаган ҳудудларда 50 кишидан ошмаслиги керак.

Резолюция лойиҳасида қайд этилишича, етти кун давомида коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар кунига 15тадан ошмаган ҳудудлар учун истисно жорий этилиши мумкин. Аммо ташкилотчилар тадбир иштирокчилари айнан ушбу ҳудуддан бўлишини инобатга олиши лозим.

 Ҳар қандай ҳолатда гигиена талабларига амал қилиниши шарт, ниқоб тақиш режимини бузганлик учун камида 50 евро жарима солинади, дейилади лойиҳада.

Роберт Кох номидаги институт маълумотларига кўра, Германияда ўтган суткада 1507та янги ҳолат қайд этилган. Мамлакат бўйича коронавирус юқтирганлар сони 238 мингга яқинлашган. Касаллик асоратлари оқибатида 9285 киши вафот этган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид