Ўзбекистон | 15:32 / 27.08.2020
3223
2 дақиқада ўқилади

Мустақил аудит ўтказиш амалиёти жорий этилиши кутиляпти

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аудиторлик фаолиятини тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2020 йил 26 август куни бўлиб ўтган йиғилишида янги таҳрирдаги “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Парламент сайтида ёзилишича, халқаро принцип ва илғор тажрибалар асосида аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмини яратиш, аудиторлик фаолиятини лицензиялаш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибини замон талабларига мос тарзда соддалаштириш ва аудиторлик фаолиятини амалга ошириш учун қоғоз шаклдаги лицензия беришни бекор қилиш қонун лойиҳасининг асосий мақсади ҳисобланади.

— Қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқиш жараёнида депутатларимиз томонидан уни такомиллаштириш юзасидан қатор таклифлар билдирилган эди, — дейди Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси Мақсуд Қурбонбоев. — Қўмитамиз қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида сиёсий партиялар фракциялари томонидан билдирилган барча таклифларни чуқур таҳлил қилди ва уларнинг лойиҳада ўз аксини топди. Бундан ташқари, аудиторлик ташкилотларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари батафсил ёритилиб, уларнинг жавобгарлиги аниқлаштирилди. Халқ вакилларининг фикрича қонун лойиҳасининг қабул қилиниши аудиторлик фаолиятини тартибга солиш, аудитнинг халқаро стандартлари асосида мустақил аудит ўтказиш амалиётини татбиқ этиш, аудиторлик ташкилотлари хизматларининг сифати ва рақобатбардошлигини оширишда муҳим ҳуқуқий асос бўлади.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан қонун лойиҳасининг айрим моддалари юзасидан қатор саволлар берилди. Хусусан, ишчи гуруҳи томонидан лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш чоғида киритилган ўзгартишлар депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди. Шу боис, қонун лойиҳаси халқ вакиллари томонидан кўтарилган масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида қўмитага қайтарилди.

Мавзуга оид