Жамият | 12:16 / 27.08.2020
7902
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда ҳайдовчи тўйдан чиққан маст пиёдани уриб юборди

ЙТҲ юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жорий йилнинг 26 август куни соат 00:50ларда, Самарқанд вилояти Самарқанд тумани “Қамчинон” маҳалласи, ички тор кўчаси, рақамсиз уй олдида йўл-транспорт ҳодисаси рўй берди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, ҳайдовчи, 1993 йилда туғилган Ф.Ф. “Зил-1360” русумли юк автомобилини орқага бошқараётиб, ортида ҳаракатланиб кетаётган маст ҳолдаги пиёда, 1977 йилда туғилган Д.Т.ни автомобилнинг чап орқа шиналари билан босиб ўтиб, ЙТҲ содир этган.

Натижада, 43 ёшли пиёда Д.Т. олган оғир тан жароҳатлари билан воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ЙТҲ юзасидан 26 август куни Самарқанд тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, юк автомобиль ҳайдовчиси ушбу кўчадаги хонадондан тўй-ҳашам жиҳозларини ортиб кетаётган, пиёда эса тўйдан маст ҳолда чиқиб кетаётган бўлган. Ҳайдовчи бир йил давомида икки маротаба қоидабузарлик содир этган.

“Барча ҳайдовчилардан транспорт воситасини орқага бошқарган вақтларида эҳтиёткор бўлишларини, пиёдалар маст ҳолда ўз ҳаётини хавф остига қўймасликларини сўраб қоламиз”, - дейилади хабарда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид