Жамият | 18:22 / 28.08.2020
8178
3 дақиқада ўқилади

«Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ: Боғотда туман электр таъминоти корхонаси янги биноси фойдаланишга топширилди

«Сен – қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!»

Мустақиллик йилларида бошқа соҳалар сингари электр энергияси соҳасида ҳам изчил ислоҳотлар натижасида чекка-чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳолини ташвишга солаётган муаммолар босқичма-босқич ўз ечимини топмоқда.

Бугун фойдаланишга топширилган «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖнинг Боғот туман электр таъминоти корхонасининг янги биносини ҳам, ҳеч муболағасиз, ана шу мустақиллигимиз, қолаверса соҳада эришилаётган ижобий ютуқларимиз натижаси деб бемалол айтиш мумкин.

Лойиҳа қиймати 2,46 млрд сўм бўлган мазкур бино қурилишида сўнгги турдаги замонавий қурилиш материаллари, хусусан, маиший коммуникацияларни ўтказишда энергиятежамкор технологиялардан кенг фойдаланилганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Шунингдек, бу ерда асосий бинодан ташқари ўқув майдони, машиналар турар жойи ҳамда омборхоналарда барча зарур шароитлар яратилишига алоҳида эътибор берилган.  

Янги бино очилишига бағишланган тадбир карнай-сурнай садолари янграши ҳамда фахрий отахонлардан оқ фотиҳа олиш билан бошланди. 

Тадбирни вилоят ҳокими  Ф.Эрманов очиб берди.

«Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг Капитал қурилиш бўйича ўринбосари Дилшод Носиров тадбирда сўз олар экан, қурилиш жараёнлари пухта режа асосида ишлаб чиқилганига атрофлича тўхталиб ўтди.

Шу ернинг ўзида тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар иштирокида туман ва шаҳар электр таъминоти корхоналари раҳбарларига 9 та Nexia, 15 та Damas ва 50 тонналик битта кран машиналари топширилди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айни пайтгача «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан замонавий архитектура-дизайн талаблари асосида 57 та электр таъминоти корхонаси биноси капитал таъмирланиб, 6 таси янгидан қурилди. Жумладан, «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан ўтган йили Хива туман ва Хива шаҳар электр таъминоти корхоналарининг бинолари қайта реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилганди. Бундай ўзгаришлар ва янгиланишларнинг асосий мақсади, албатта, электр энергияси истеъмолчиларига қулайлик яратиш билан бир қаторда, ишчи-ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратишдир.

Маълумот ўрнида: Бугун Боғот тумани ҳудудида жойлашган жами 43 та маҳалла, 30409 та маиший ва 1421 та улгуржи электр энергияси истеъмолчиларига корхонанинг 65 та ишчи-ходими хизмат кўрсатади. Бундан ташқари, улар томонидан тумандаги 4 та нимстанция, 43 та фидер, 1259,634 км узунликдаги электр узатиш тармоқларида эксплуатация ишлари олиб борилади.

Соҳиба Ғайипова,
Хоразм ҲЭТК АЖ Матбуот хизмати бошлиғи

Мавзуга оид