Спорт | 17:02 / 31.08.2020
8596
2 дақиқада ўқилади

«Камтарона меҳнатимизни юксак баҳолаганларга раҳмат». Одил Аҳмедов Хитойдаги фаолияти, унвон олгани ва Мустақиллик байрами ҳақида

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби яримҳимоячиси Одил Аҳмедов Мустақиллик байрами арафасида Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи» фахрий унвони билан тақдирланди. Қувончли хабардан кейин миллий жамоамиз сардори Tribuna.uz мухбири билан суҳбатлашди.

- Одил, авваламбор президентимиз томонидан берилган унвон билан муборакбод этамиз. Хушхабарни кимдан эшитдингиз?
- Табрик учун катта раҳмат. Албатта, бундан хабар топиб, бошим осмонга етди. Ҳаммамиз жуда ҳам хурсанд бўлдик. Камтарона меҳнатимизни юксак баҳолаганлардан миннатдорман. Президентимиз эътиборига тушганимдан жуда ҳам қувондим. Менимча, бу ҳар бир инсоннинг орзуларидан бири деб ўйлайман. Мен билан бирга ишлаган футболга алоқадор барча инсонларга ҳам миннатдорчилик билдириб қоламан. Ўзбекистон билан уч соатлик вақт тафовути борлиги сабабли хушхабарни эрталаб уйғониб, ўқидим. Кайфиятим кўтарилди. Бу мукофот олға интилишда давом этишим учун катта куч беради. Ўзбек футболи ривожи учун қўлимдан келганча ҳаракат қилиб, ўз ҳиссамни қўшаман.

- Хитойда ҳам чемпионат марказлашган ҳолда ўтмоқда. Клубингиз иштирокига қандай баҳо берасиз? Чемпионлик имконияти қай даражада?
- Ҳозирги пандемия вазияти сабабли Хитойда ҳам Суперлига ўйинлари марказлашган ҳолда ўтаяпти. Ўйинлар уйда ёки сафарда эмас, бошқа шаҳардаги нейтрал майдонда ўтаётгани боис жамоалар ўртасидаги фарқ катта эмас, яққол устунлик ҳам йўқ. Мавсумнинг бир қатор ўйинларини ўтказдик, ярми қолди. Олдимиздаги вазифа чемпионлик бўлса-да, яна бир нечта клублар ҳам фақат 1-ўринни кўзлашмоқда. Бу мавсум кучли клублар кўпайгани учун осон бўлмайди. Шунга қарамай, қўлимиздан келганча ҳаракат қиламиз. Бизда чемпионлик руҳи ва кучли таркиб бор. Шундай экан соврин учун охиригача курашамиз.

- Мустақиллик байрамида ўзбекистонлик футбол мухлисларига қандай тилаклар билдирасиз?
- Мустақиллигимизнинг 29 йиллик байрами билан барча ҳамюртларимизни чин дилдан қутлаб, Аллоҳдан юртимиздаги тинчликни абадий қилишини, халқимизни турли бало-офатлар, касалликлардан ўз паноҳида асрашини сўраб қоламан. Байрам олдидан берилган ютуқ фақат меники эмас, футбол мухлислариники, ота-онам, мураббийларники. Фурсатдан фойдаланиб, Мустақиллик байрами билан ватандошларимни чин дилдан табриклаб қоламан.

Жамолиддин Бобожонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид