Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори коронавирусдан вафот этди
Чироқчи туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Тўлқин Ашуров вафот этди. Бу ҳақда Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати маълум қилди.
«Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси жамоаси Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмасининг бошлиғи Тўлқин Ашуров вафот этгани сабабли унинг оила аъзолари ва барча яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади», дейилади хабарда.
Тўлқин Ашуров 2017 йилдан буён Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи лавозимида ишлаб келган. У сўнгги кунларда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусдан даволанаётган бўлган.
Бундан аввалроқ Қашқадарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари - вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳузуридаги COVID-19’га қарши курашни мувофиқлаштирувчи штаб раҳбари Шерали Нурматов ҳам коронавирусдан вафот этгани хабар қилинганди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганларнинг барчаси ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлигининг расмий статистикада қайд этилмаяпти. Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус қурбонлари сони 322тага етган, аммо ҳақиқий қурбонлар сони бундан кўпроқ.