Жаҳон | 01:14 / 01.09.2020
10771
1 дақиқада ўқилади

Илон Маск дунёнинг энг бой одамлари учлигига кирди

Америкалик тадбиркор Илон Маск Facebook асосчиси Марк Цукербергни ортда қолдириб, дунёнинг энг бадавлат одамлари учлигига кирди. Бу ҳақда Bloomberg ахборот агентлиги хабар берди.

Фото: AP /John Raoux

Экспертларнинг баҳолашича, 31 августда Tesla ва SpaceX компаниялари эгаси бўлган Маскнинг бойлиги 111,3 млрд доллардан ошган. Маск миллиардерлар рўйхатида Цукербергдан ўзиб, 3-ўринга кўтарилиб олган. Facebook асосчисининг капитали айни вақтда 110,5 млрд долларга баҳоланмоқда.

Bloomberg рўйхатида 2-ўринни 125 млрд доллар билан Microsoft асосчиси Билл Гейтс эгалламоқда. Пешқадамликни эса Amazon компанияси раҳбари Жефф Безос ҳамон ўзида ушлаб турибди. Айни вақтда унинг бойлиги 200 млрд долларга баҳоланмоқда.  

Bloomberg’нинг таъкидлашича, Маск капиталининг ўсишига таъсир қилган бош омил Tesla акцияларининг кескин қимматлашиши ҳисобланади. Йил бошидан компания акциялари 475 фоизга қимматлаган ва Маскни яна 76 млрд долларга бойроқ қилган.   

Tesla Маск томонидан 2003 йилда ташкил этилган. Дастлаб компания электромобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган, бироқ кейинроқ қуёш батареялари ва бошқа энергия жамловчи тизимлар ишлаб чиқариш билан шуғуллана бошлаган.

Мавзуга оид