Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Каттақўрғон ҳокими эҳтиёжманд аёлнинг хорижда қолиб кетган турмуш ўртоғини оиласига қайтара оладими?
Каттақўрғон туманида “Темир дафтар”нинг қандай юритилаётгани ва камбағалчиликни камайтириш борасида қилинаётган ишлар билан танишишни мақсад қилиб, мазкур туманда бўлдик.
Жорий йилда “Каттақўрғон монтаж қурилиш” МЧЖ томонидан йиллик қуввати I-босқичда 1 200 дона бўлган замонавий ТМГ 10 минг волтгача бўлган трансформаторлар ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Ушбу лойиҳага 15 млрд. сўм сарфланган бўлиб, ҳозирги вақтда 45 та иш ўрни яратилибди.
Аҳамиятли томони, ишга олинганларнинг аксарияти корхона жойлашган ҳудуд – “Навбаҳор” маҳалласида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оила вакиллари.

Ушбу маҳаллада яшовчи Мавжуда Нарзиеванинг фарзандлари вояга етмаган. Карантин даврида турмуш ўртоғи ҳам доимий ишини йўқотган ва оила мушкул аҳволга тушиб қолган. Ўзининг айтишича, карантин бошланган дастлабки ойларда оилавий ғишт қуйиб, сотишган. Икки ой аввал мазкур заводга ишга олинибди: “Насиб этса, энди қийналмаймиз, тайинли ишим бор. Томорқамизга кичикроқ иссиқхона қилиб, лимон экдик. Оилавий томорқада ҳам ишлаяпмиз, меҳнатдан қочмайман”, дейди М.Нарзиева.
Моҳидил Каримова ҳам “Навбаҳор” маҳаласида туради, эҳтиёжманд оилалар рўйхатига киритилган. Карантин даврида маҳалладан озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек нақд пул кўринишида моддий ёрдам берилганини айтмоқда. Икки нафар вояга етмаган фарзанди бор.
Аёлни яна бошқа муаммо қийнаяпти. Унинг турмуш ўртоғи ҳозирги вақтда Россияда қолиб кетган: “Телефон орқали гаплашиб турибмиз. Аммо паспортини йўқотиб қўйган, “пандемия даврида тайинли иш ҳам йўқ”, деяптилар. Бизга пул жўнатиш у ёқда турсин, ўзининг эҳтиёжларини ҳам қондира олмаётган экан. Ўзбекистонга қайтишнинг чорасини қилолмаяпти”, деди М.Каримова.
“Дастлабки ўрганишлар натижаси бўйича туманда 3 556 та камбағал оилалар рўйхати шакллантирилиб, “Темир дафтар”га киритилганди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати тадбири бошланганидан буён муҳтож оилаларга жами 4,7 млрд. сўмлик ёрдам кўрсатилди. Муҳтож оилалардаги меҳнатга лаёқатли фуқароларнинг 4 588 нафари бандлиги таъминланди. Йил якунига қадар яна 552 нафарининг бандлигини таъминлашни режалаштириб турибмиз.

Халқ депутатлари туман кенгаши қарори билан “Темир дафтар”дан 698 нафар оилалар чиқарилди. Пандемия даврида яшаш шароити оғирлашган 199 нафар оилалар рўйхатга қўшилди ва айни вақтда 3 057 нафар оилалар рўйхатда турибди.
Бу борада аниқ чора-тадбир кўрганмиз, режаларимиз бор. Йил охирига қадар яна бир қатор лойиҳаларимиз ишга тушади ва биринчи навбатда эҳтиёжманд оила вакилларини ишга жойлашни мақсад қилганмиз.
Хусусан, “Навбаҳор” маҳалласида сизлар билан мулоқотга киришган Моҳидил Каримованинг турмуш ўртоғини хориждан қайтаришни ўз зиммамга оламан. Очиғи, ҳозиргача аёлнинг айнан шундай муаммоси бор эканидан хабарим бўлмаган. Ўз навбатида айтмоқчиманки, туманда ҳеч кимнинг муаммосини бегона деб билмайман. Бажонидил уларга кўмаклашишга, одамларимизни камбағалчиликдан чиқаришга тайёрлигимни айтмоқчиман”, деди туман ҳокими Аъзамхон Баҳромов.
Очиғи, фуқаролар дардини ўзининг муаммоси, деб билган ҳокимнинг иштиёқига ишондик. Умуман, ҳокимларнинг ҳудуддаги инсонлар муаммоларига ўзига хос ёндаша бошлагани, сансалорликка йўл қўймаётгани одамни қувонтиради.
Кузатамиз, ҳоким аёлнинг турмуш ўртоғини хориждан қайтара олармикан?
Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.
Мавзуга оид
13:33 / 11.03.2025
Самарқанд вилоятида учта тарихий масжид бузиб ташланди
10:59 / 11.03.2025
Каттақўрғонда эшак сўйиб, гўштини сотиб келган шахслар аниқланди
18:12 / 03.08.2024
Самарқандда содир бўлган ЙТҲда “Дамас” ҳайдовчиси ҳалок бўлди
11:38 / 18.07.2024