Ўзбекистон | 15:54 / 01.09.2020
10552
3 дақиқада ўқилади

Нукусдаги Президент мактаби директори пандемия шароитида таълим қандай ташкил этилиши ҳақида маълумот берди

Мактабларда янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Kun.uz мухбири пандемия шароитида Президент мактаблари қандай фаолият олиб бориши масаласида Нукусдаги Президент мактаби директори Алишер Уббиев билан суҳбатда бўлди.

– Сиз раҳбарлик қилаётган мактабда пандемия шароитида ўқиш жараёнларини қандай олиб борилиши режалаштириляпти?

– Хабарингиз бор, бу йилги ўқув йилини пандемия шароитида қандай давом эттириш бўйича ота-оналарнинг фикр мулоҳазалар тингланмоқда. Биз ҳам 25-26 август кунлари Нукусдаги Президент мактабида карантин ва санитария–гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўқувчиларнинг ота-оналари билан йиғилиш ўтказдик. Ҳар бир ота-онани эшитдик.

Пандемиядаги янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш масалалари ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим қилинган сўровнома асосида ота-оналар фикрлари ўрганилди.

Сўровномада мактабимизда ўқиётган 144 нафар ўқувчининг ота-оналари 100 фоиз иштирок этишди. Келинг, мен сизга сўровнома натижалари ҳақида кўпроқ маълумот берсам. Сабаби ўқиш жараёнларини қандай олиб борилиши бевосита шу сўровнома натижаларидан келиб чиқади.

1. Мактаблар ўз фаолиятини ананавий шаклда сентябрь ойидан тиклашига 131 нафар ота-она (91 фоиз) ижобий фикр билдирган бўлса, 13 нафар ота-она (9 фоиз) ўқишни бошламаслик тарафдори эканини билдирди.

2. Мактаблар фаолиятини бошлаш санаси буйича қуйидагича фикр билдирилди:

79 нафар (55 фоиз) ота-она 7 сентябрдан, 40 нафар (28 фоиз) ота-она 14 сентябрдан, 5 нафар (3 фоиз) ота-она 2 октябрдан, 20 нафар (14 фоиз) ота-она пандемия тугаганидан сўнг бошлаш зарур, деб ҳисоблашини маълум қилди.

3. Боласини анъанавий шаклда таълим олиши учун юборишга тайёр ота-оналар 133 нафарни (92 фоиз) ташкил этган бўлса, 11 нафар (8 фоиз) ота-она онлайн таълим тизимини афзал кўришини билдирди.

4. Мактабларда тиббий ниқоб тақиш талаб этилган тақдирда, 140 нафар (97 фоиз) ота-она фарзанди ниқоб тақишига рози эканини, 4 нафар (3 фоиз) ота-она эса ниқоб тақтиришга қарши эканини билдирди.

5. Вирусдан сақланишда муҳим антисептик воситалардан фарзанди фойдаланишни 140 нафар (97 фоиз) ота-она қўллаб қувватлади, 4 нафар (3 фоиз) ота-она эса қарши чиқди.

– Ўқув йили қачондан бошланади? Таълим қандай шаклда олиб борилади?

– Халқ таълими вазирлигига ота-оналар таклифларидан келиб чиқиб, янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш, мактабларда ҳаракатлар схемасини ишлаб чиқиб, тажрибадан ўтказиш бўйича топшириқ берилди. Бизнинг Президент мактабида ҳам ўқиш 14 сентябрдан бошланади.

Ушбу жараёнда барча чоралар тўлиқ ва тўғри амалга оширилиши ўрганиб чиқилди. Мактабга ўқувчиларнинг бир вақтда келмаслиги, кираётганда иситмаси ўлчаниши, барча дарслар бир синф хонасида ўтилиши, танаффусда синф ҳавоси шамоллатилиши, ўқувчиларга ижтимоий масофани сақлашни тушунтириш каби қатор талабларни ишлаб чиқдик.

Бу йилги қабул жараёни қандай бўлди? Қанча ўқувчи қабул қилинди?

– Пандемия туфайли, шунингдек, хорижий ҳамкоримиз – Cambridge Assessment ташкилоти вакилларининг мамлакатимизга карантин даврида ташрифини белгиланган саналарда ташкил этиш имкони йўқлиги сабабли, истисно тариқасида жорий йилда Президент мактабларига ўқувчилар қабули келгуси ўқув йилида ўтказилади.

Мавзуга оид