Ўзбекистонлик ҳарбийлар Халқаро армия ўйинларининг учта йўналишида биринчи ўринни қўлга киритди (фото)
31 август куни «Фориш» тоғ полигонида “АрМИ-2020” VI Халқаро армия ўйинлари «Ҳарбий-тиббий эстафета» танловининг сўнгги шарти бажарилди.
Ҳарбий-тиббий кўпкураш мусобақаси шартига кўра, иштирокчилар тўсиқлардан ўтиш, ярадорларни жанговар техникадан хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ярадорларни сувли тўсиқдан олиб ўтиш ва эвакуация қилинадиган техникага жойлашиш каби машқларни бажаришди.
Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, эркаклар баҳсларида Ўзбекистон жамоаси 2572 балл билан «Жамоавий биринчилик» босқичида тенгсиз деб топилди. Асосий рақобатчилар – россияликлар 1513 балл тўплаб, финишда иккинчи бўлди. Учинчи ўринни Беларусь жамоаси эгаллади – 814 балл.
Аёллар орасида ҳам ўзбекистонликлар 1642 балл тўплаб, биринчи ўринни эгаллади. Россия жамоасида 1452 балл. Беларусликлар 554 балл билан кучли учликни якунлашди.
Навбатдаги шартни ҳам ўз фойдасига ҳал қилган ўзбекистонлик ҳарбий тиббиётчилар 2019 йилда «Фориш» тоғ полигони илк бор мезбонлик қилган «Ҳарбий-тиббий эстафета»нинг «Жамоавий биринчилик» босқичида ўрнатилган 07’35,9’’ (эркаклар) ва 11’35,6’’ (аёллар) вақт рекордларини мос равишда янгиладилар: 6’28,8’’ ва 10’09,2’’.
Шу билан «Ҳарбий-тиббий эстафета» халқаро мусобақаси ўз якунига етди. Барча шартлар бўйича тўпланган умумий натижага кўра, 12 857 балл билан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси чемпионликни қўлга киритди.
Россияликларда 10110 балл ва иккинчи ўрин.
Беларусь жамоаси эса 6585 балл билан совринли ўринни эгаллади.
Кейинги ўринлар қуйидагича тақсимланди – Тожикистон, Вьетнам ва Фаластин.
Шунингдек, Қўқон мезбонлик қилган «Йўл патрули» баҳсида ҳам Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари биринчи ўринни қўлга киритди ва бу натижа Ўзбекистон жамоасининг мусобақа тарихидаги энг юқори кўрсаткичи ҳисобланади.
Бир неча кун давом этган беллашувларда Мудофаа вазирлиги ҳарбий автомобиль назорати ходимлари жамоаси биринчи, Россия — иккинчи, Беларусь эса учинчи ўринни қўлга киритди.