Ўзбекистон | 16:19 / 04.09.2020
4033
2 дақиқада ўқилади

Арми-2020: “Ҳарбий-тиббий эстафета”да Ўзбекистон жамоаси рекордларни янгилаб, бу йил ҳам биринчи ўринни эгаллади

23 августдан 5 сентябрга қадар “АрМИ-2020” VI Халқаро армия ўйинлари доирасида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига қарашли “Фориш” тоғ полигонида ўтказилган “Ҳарбий-тиббий эстафета” танлови ниҳоясига етди.

Беллашувларнинг барча босқичларини ўз фойдасига ҳал қилган ўзбекистонлик ҳарбий тиббиётчилар бу гал ҳам ишончли ғалабага эришиб, 2019 йилдаги натижаларини янгилади.

Халқаро беллашувнинг «Индивидуал маҳорат» босқичидаги ҳарбий шифокорлар баҳсларида ўзбекистонлик тиббий хизмат катта лейтенанти Санжарбек Аъзамов 2019 йилда ҳамюрти томонидан ўрнатилган рекордни янгилаб, 1645 балл тўплади.

Ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари ўртасида тўсиқлар йўлакчасидан ўтишда кичик сержант Валижон Бегалиев 339 балл билан рекорд ўрнатди.

Аёллар орасида яна бир вакилимиз кичик сержант Лилия Манасипова 2019 йилги шахсий (281 балл) рекордини янгилай олди – 295 балл.

«Жамоавий биринчилик» доирасидаги беллашувларда ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар 2019 йилда «Фориш» тоғ полигони илк бор мезбонлик қилган «Ҳарбий-тиббий эстафета»нинг мазкур босқичида ўрнатилган 07’35,9’’ (эркаклар) ва 11’35,6’’ (аёллар) вақтлик рекордларни мос равишда янгиладилар: 6’28,8’’ ва 10’09,2’’.

Барча шартлар бўйича тўпланган умумий натижага кўра, 12857 балл билан Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий тиббиётчилари чемпионлик унвонини ҳимоя қилиб, ғолиб бўлишди.

Россияликлар 10110 балл билан иккинчи, Беларусь жамоаси эса 6585 балл билан учинчи ўринни эгаллади.

Кейинги ўринлар қуйидагича тақсимланди – Тожикистон, Вьетнам ва Фаластин.

Ғолиблар қимматбаҳо совғалар, жумладан, Gentra автомобили билан рағбатлантирилди. Тақдирлаш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Ҳамдам Қаршиев иштирок этди.

“Ҳарбий-тиббий эстафета” халқаро мусобақасининг тантанали ёпилиш маросими катта концерт дастури ва мушакбозлик билан якунланди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид