Samsung Group раҳбарига корпорациялар бирлашиши иши бўйича айблов билдирилди
Жанубий Корея прокуратураси Samsung Electronics вице-президенти ва Samsung Group раҳбари Ли Чжэ Енга айблов билдирди.
Айблов 2015 йилда Cheil Industries ва Samsung C&T корпорациялари бирлашиши иши бўйича билдирилган. Ушбу бирлашув натижасида Ли Чжэ Ен якка ўзи Samsung Group устидан назоратни қўлга киритган.
Ли Чжэ Ен ва Samsung’нинг амалдаги ва собиқ 10 нафар юқори лавозимдаги мансабдор шахслари акциялар, бухгалтерия билан фирибгарлик қилиш, фонд бозоридаги операцияларни тартибга солувчи қонунларни, аудит қоидаларини бузишда айбланмоқда.
Ли Чжэ Ен ҳимояси айбловларни рад этиб, прокуратуранинг хулосасини адолатсиз деб атаган. Адвокатларнинг қўшимча қилишича, айбланувчилар суд жараёнида виждонан қатнашадилар.
Тергов версиясига кўра, Samsung бошқарувчилари конгломератни бошқариш ҳуқуқини Ли Чжэ Еннинг отаси, Samsung’нинг расмий раҳбари Ли Гон Хидан Ли Чжэ Енга беришган. Ли Гон Хи 2014 йилдан бери бетоблиги сабабли ётиб қолган. Бунинг учун энг йирик акциядори Ли Чжэ Ен бўлган Cheil Industries компанияси Samsung Group’нинг бош компанияси ҳисобланган Samsung C&T’ни паст нархда сотиб олган. Айблов томони фикрича, бу Ли Чжэ Енга Samsung Group’га эгалик қилиш имконини берган.
Ушбу тергов Ли Чжэ Енга нисбатан олиб борилаётган биринчи тергов эмас. 2016 йилда у Жанубий Кореянинг собиқ президенти Пак Кин Хе иштирокидаги коррупция можароси иштирокчиларидан бирига айлаганди. Ўшанда тергов версиясига кўра, Пак Кин Хенинг яқин дугонаси Чхве Сун Сил президент билан дўст тутунганидан фойдаланиб, йирик компаниялардан, жумладан Samsung ва Lotte’дан пул ундириб юрган.