Ўзбекистон | 21:58 / 02.09.2020
13322
2 дақиқада ўқилади

Андижонда имтиҳонларнинг биринчи куни қандай ўтди?

2 сентябрь куни Андижон шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуаси ва унинг атрофидаги ўйингоҳларда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланди.

Эрталабки соат 6:00дан бошлаб талаба бўлиш мақсадидаги ёшлар тест синовлари топшириладиган мажмуанинг кириш жойларига оқиб кела бошлади.

Абитуриентлар имтиҳонга ички ишлар, миллий гвардия ходимлари томонидан тақиқланган буюмлар мавжуд эмаслиги бўйича текширилиб, зарарсизлантириш йўлагидан ўтгач киритилди.

Тест синовлари олдидан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ёшларга омад тилади.

Давлат тест марказининг Андижондаги вакили Низомиддин Тоштемировнинг сўзларига кўра, биринчи сменада имтиҳон топшириши кутилган 4050 нафар абитуриентдан 229 нафари турли сабабларга кўра имтиҳонга келмади.

Низомиддин Тоштемиров

«Абитуриентлар учун барча шароитларни яратилган. Уларни қуёш нури тик тушмайдиган жойларга ўтқазиб, тиббий ниқоб, қўлқоп ва ичимлик суви билан таъминладик. Жараён давомида бир нафар абитуриентнинг уяли телефондан фойдаланаётгани аниқланиб, имтиҳондан четлатилди», – дейди ДТМ вакили.

Эслатиб ўтамиз, Андижон шаҳрида тестлар 12 кун давом этиши белгиланган.

 Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири

Тасвирчи – Аҳрорбек Ёқубжонов

Мавзуга оид