Дунёдаги вазият: АҚШ «коррупциялашган вакцина»га қарши, нидерландлар тўйга кўпроқ меҳмон чақирган вазирдан норози
ЖССТ ва Хитой билан биргаликда ишлашни истамаслиги туфайли АҚШ Covid-19'га қарши вакцина яратиш ва уни тарқатиш бўйича халқаро дастурда қатнашишдан бош тортди. Нидерландия адлия вазири ўз тўйида карантин қоидаларини бузганликда айбланди.
Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирус билан касалланган сони 25,7 миллиондан ошди, 857,7 минг бемор вафот этган. 17 миллиондан ортиқ инсон хасталикдан соғайган.
Ўлим ва касалланишлар сони бўйича АҚШ ҳали ҳам биринчи ўринда бормоқда: 6 миллиондан ортиқ ҳолат, ўлимлар сони 185 мингга яқин.
АҚШ ЖССТ билан ҳамкорлик қилишни истамаяпти
Оқ уй маъмуриятининг маълум қилишича, АҚШ бошқа мамлакатлар билан биргаликда вакцина ишлаб чиқилишида иштирок этмайди, бунга лойиҳага Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти жалб қилингани сабаб сифатида кўрсатилган.
Лойиҳа ЖССТ ташаббуси билан бошланган бўлиб, ишланмада 172 мамлакатдан олимлар қатнашмоқда. ЖССТ расмийларининг сўзларига кўра, бу «хавфсиз ва самарали вакциналар лицензияланиб, тасдиқлангандан сўнг уларга эга бўлишнинг тенг имкониятини таъминлаш» учун қилинган.
Бироқ, Оқ уй томони «Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти пандемия бошланишида Хитойнинг Covid-19 ҳақидаги маълумотларини бепарволик оқибатида ёки қасддан ишониб қабул қилиб, ўз обрўсини тўкди» деб ҳисоблайди. Дональд Трамп маъмуриятининг таъкидлашича, Қўшма Штатлар коронавирусга қарши курашда халқаро шериклар билан яқин ҳамкорликни давом эттиради, аммо «коррупциялашган ЖССТ ва Хитой томонидан бошқариладиган» лойиҳа доирасида эмас.
Нью-Йорк ўқувчилари сентябрь ойида кундузги мактабга қайтган АҚШнинг биринчи йирик шаҳри бўлиши мумкин. Шаҳар мэри Билл де Блазио ва таълим соҳасидаги касаба уюшмалари Нью-Йоркда ўқув йили бошланиши 21 сентябрга қолдирилишига келишиб олишди, бунда ўқувчилар ҳафтада уч кун мактабда ўқишади. Қолган кунлар дарслар онлайн ўтказилади.
Болалар парталарга қайтиши учун шаҳар мактабларида шамоллатиш тизими янгиланмоқда, парталар орасидаги масофа кенгайтирилди, ўқитувчилар учун ниқоблар сотиб олинди. Бундан ташқари, Билл де Блазио ҳар ойда ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг камида 20 фоиз қисми Covid-19 таҳлилидан ўтказилишини буюрди.
Бразилиянинг Амазония тадқиқотлари миллий институти олимларининг фикрига кўра, Бразилиянинг ҳинду қабилалари орасида Covid-19'дан ўлим даражаси мамлакатнинг асосий аҳолисига қараганда 250 фоизга юқори.
Ушбу кўрсаткич август ойи бошида сезиларли даражада ошди. Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бу ҳолат бир қатор омилларга, шу жумладан тиббий хизматдан фойдаланиш қийинлиги ва чақирилмаган меҳмонларнинг вирусни маҳаллий аҳолига юқтиришлари билан боғлиқ. Институт маълумотларига кўра, июнь ойи ўрталарига қадар аксарият қабилаларда коронавирус инфекцияси тарқалмаганди.
Бразилия Covid-19 билан касалланиш ва ўлимлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда жойлашган - мос равишда деярли 4 миллион ва 122,5 минг ҳолатлар.
Жанубий Кореяда кексалар орасида касалланиш кескин ўсди. Шифокорлар вазият инқирозга яқин турганидан огоҳлантирмоқда. Аввалроқ турли гуруҳлар фаоллари мамлакатдаги ҳолат ёмонлашишида диний хизматларга қатнашдан вақтинчалик воз кечишни истамаётган консерватив кайфиятдаги ибодатчиларни айблаб чиқишди.
Европадаги вазият
Венгрияда эпидемия бошланганидан бери кунлик касалланиш даражаси бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилди – бир кунда 365та янги ҳолат. Мамлакат расмийлари буни кўпчиликнинг, тавсияларга хилоф равишда, чет элга таътилга чиққани билан изоҳламоқда. Умуман олганда, ушбу мамлакатда умумий ҳисобда 6622 киши вирусни юқтириб олган, 619 нафар инсон ҳаётдан кўз юмган.
Covid-19'нинг оғир шаклини бошдан кечирган украиналик сиёсатчи Юлия Тимошенконинг айтишича, унинг аҳволи жуда оғир бўлган, аммо ҳаммаси ортда қолди ва у аста-секин одатий ҳаётга қайтади.
Украинада пандемия бошлангандан бери 128,8 минг нафар бемор рўйхатга олинган, 2705 киши вафот этган.
Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан чоршанба куни мамлакат ҳукумати иккинчи локдаунни жорий этишга уринмаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, бу чора март ойида жуда зарур эди, аммо олимлар ва ҳукумат вирус ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлган ҳозирги даврда локдаунга ҳожат йўқ.
Сўнгги пайтларда Германияда янги ҳолатлар сони кўпаймоқда. Ўтган ҳафта канцлер Ангела Меркель куз-қиш ўрталарига бориб вазият, катта эҳтимол билан, янада ёмонлашишидан огоҳлантирди.
Шу билан бирга, расмийлар иқтисодиётни яна бир бор фалаж қилишни, мактаб ва университетлардаги ўқув жараёнини тўхтатишни исташмаяпти ва эпидемиянинг олдини олишнинг бошқа усулларини излашмоқда. Хусусан, йил охиригача барча оммавий тадбирлар тақиқ остида, жамоат жойларида ниқоб кийиш қоидалари яқин келажакда ҳам сақланиб қолади, ноқулай эпидемиологик вазият сақланиб қолган мамлакатлардан кириб келаётганлар учун карантин жорий этилади.
Шунингдек, Германия бош вирусологи Кристиан Дростен ўзини изоляция қилиш муддати 14 кундан 5 кунгача қисқартирилиши мумкин, деб ҳисоблайди.
Нидерландия парламенти матбуотда ўтган ҳафта бўлиб ўтган тўйидан фотосуратлар чоп этилган мамлакат адлия вазири Ферд Грапперҳаусни тушунтириш бериши учун чақирди.
Вазирнинг танқидчилари ҳукумат аъзоси мамлакатнинг барча аҳолиси учун мажбурий бўлган ижтимоий масофаланиш қоидаларини бузганидан ғазабланмоқда. Грапперҳаус тўйга фақат келин-куёв оиласи ва бир неча энг яқин дўстлар таклиф қилинганди, деб даъво қилса-да, фотосуратлар шуни кўрсатадики, тадбирда кўпроқ одамлар бўлган ва ҳеч қандай 1,5 метрлик масофага риоя этилмаган.
Вазир хайрихоҳлик белгиси сифатида Қизил Хоч ташкилоти фондига белгиланган жаримадан икки баравар кўп бўлган 780 евро тўлади. Бироқ, нидерланд нашрлари воқеа бу билан якун топмаслигини ёзмоқда.
Британияда ўқув йили
Буюк Британияда миллионлаб болалар мактабга қайтишди.
Ёзги таътил пайтида таълим муассасалари маъмурияти ҳукуматнинг тавсияларига биноан қатор ўзгаришлар киритди: аксарият мактабларда бир томонлама ҳаракатланиш жорий этилди, ўқув кунининг бошланиши турли синфлар учун бир неча вақтга бўлинди.
Бундан ташқари, турли ёш гуруҳлари учун «ижтимоий пуфаклар» яратилган бўлиб, улар доирасида болалар бир-бири билан мулоқот қилишлари ва ўйнашлари мумкин, аммо бошқа «пуфак» вакиллари билан эмас.
Агар болалардан бири коронавирус билан касал бўлса, Британия мактаблари қандай ҳаракат қилиши яқинда маълум бўлди.
Таълим вазирлиги расмийларининг хабар беришича, касаллик аломатлари кузатилган бола уйига юборилади ва мактаб ундан дарҳол Covid-19 таҳлили олинишини ташкил қилади. Агар тест натижаси ижобий бўлса, бемор билан алоқада бўлган ўқувчи ва ўқитувчилар ўз-ўзини яккалаш тартибига ўтказилади. Мактаб биносида қўшимча санитария ишлари амалга оширилади.
Битта мактабда 14 кун ичида касалликнинг икки ёки ундан ортиқ ҳолатлари аниқланса, бу вирус ўчоғи деб тан олинади.
Шотландиянинг Глазго шаҳрида сўнгги икки кун ичидаги Covid-19 касаллиги кўпайиши ортидан янги чекловлар жорий этилди. Дўкон ва кафелар ёпилмайди, аммо турли жойларда яшайдиган одамларнинг бир уйда йиғилишига йўл қўйилмайди. Чекловлар юз минглаб одамларга таъсир кўрсатди.
Буюк Британия Европадаги коронавирусдан энг кўп жабр кўрган мамлакат бўлиб қолмоқда: деярли 41,6 минг ўлим. Ҳаммаси бўлиб деярли 340 минг киши вирусни юқтирган - бу Европада Испаниядан кейинги иккинчи ва дунёда 13-ўрин.
Мавзуга оид
16:51 / 25.11.2024
Болаларда ҳам қўллаш мумкин бўлган маймун чечак вакцинаси тасдиқланди
19:15 / 15.11.2024
ЖССТ: 2018 йилдан бери дунёда тиббиёт муассасаларига 7,4 мингдан ортиқ ҳужум уюштирилди
18:19 / 13.11.2024
ЖССТ мактаб ўқувчиларига юклама ортиб бораётганидан хавотирда
18:52 / 08.11.2024