Жаҳон | 16:51 / 25.11.2024
1023
2 дақиқада ўқилади

Болаларда ҳам қўллаш мумкин бўлган маймун чечак вакцинаси тасдиқланди

ЖССТ маймун чечагига қарши иккинчи вакцинани тасдиқлади. Уни болаларда ҳам қўллаш мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маймун чечаги (mpox) вирусига қарши яратилган иккинчи вакцинани тасдиқлади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ёзди. Янги вакцина “LC16m8” деб номланади. У Япониянинг “KM Biologics” компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

Маълум бўлишича, янги вакцинани нафақат катталар, балки бир ёшдан ошган болалар ҳам фавқулодда ҳолатларда қабул қилиши мумкин. Маймун чечакка қарши 2024 йил сентябр ойида фойдаланиш учун рухсат этилган илк вакцинани фақат 18 ёшдан ошганларда қўллаш мумкин эди. Маълумот учун, илк вакцина Даниянинг “Bavarian Nordic A/S” компаниясига тегишли “MVA-BN” деб номланади.

ЖССТга кўра, Япония ҳукумати янги вакцинадан маймун чечаги эпидемияси авж олган Конго Демократик Республикасига 3 миллион доза беғараз етказиб беришни режа қилган.

Эслатиб ўтамиз, сентябрда дунё бўйича mpox инфекциясига чалиниш ҳолатлари рекорд даражага етиб, 2763 та янги касалланиш ҳолати рўйхатга олинган эди. Аниқланган беморларнинг асосий қисми Африка минтақаси аҳолиси ҳиссасига тўғри келади.

Мавзуга оид