Ўзбекистон | 12:46 / 03.09.2020
4972
2 дақиқада ўқилади

Мактаб ошхоналари фаолиятига рухсат берилмаган – штаб аъзоси

Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Севара Убайдуллаева АОКАда ўтказилган брифингда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мактаб ошхоналари фаолиятига рухсат бермаганини маълум қилди.

«Мактаб ошхоналари фаолият юритишига Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан рухсат берилгани йўқ. Шу боис ҳар бир ота-онадан фарзандининг мактабда бўлган даврида оч қолмаслиги учун ўзлари билан соғлом, янги тайёрланган таом бериб юборишлари, боланинг овқатланиш жараёнида қўллар гигиенасига риоя қилишларини тушунтиришлари лозим. Овқатланишдан олдин ва ундан кейин қўлларни совунлаб ювиш ёки уларга антисептик воситалар билан ишлов беришни ўргатишлари талаб этилади.

Болаларнинг сувга бўлган эҳтиёжи юқори. Болаларга кичик термосларда илиқ чой ёки дамламалар бериш ҳам мақсадга мувофиқ», деган штаб вакили.

Мактаб ошхоналари фаолиятига рухсат берилганда:

  • тана ҳарорати ўлчаниши;
  • соғлом ва иссиқ овқатлар тайёрланиши;
  • болалар овқатланиш учун ўтиришларида масофа 2 метрдан узоқроқ бўлишини таъминлаш;
  • бир столда 4дан ортиқ бола ўтирмаслигини таъминлаш;
  • қўлларни совунлаб ювиш ёки антисептик воситалар билан ишлов бериш учун тўлиқ шароит бўлиши шарт (сув, совунлар, бир қоғоз салфеткалар ва ҳоказо).

«Санитария ва эпидемиология хизмати томонидан доимий равишда мактаблар ошхонаси санитария ва гигиена қоидаларига риоя қилишлари ўрганилади ва назорат қилиб борилади.

Бугунги кунда бу меъёрлар талаб даражада сақланиши мактаб раҳбарияти ва ходимлари ҳамда ота-оналар назоратида бўлиши керак», деди Севара Убайдуллаева.

Мавзуга оид