Ўзбекистон | 14:34 / 03.09.2020
8568
1 дақиқада ўқилади

Санитария талабларига жавоб бермайдиган мактаблар ўқишни масофавий тарзда олиб боради

Белгиланган меъёрларга жавоб бермайди деб топилган мактабларда анъанавий таълим бошланишига йўл қўйилмайди.

Бу ҳақида Халқ таълими вазирлиги матбуот котиби Лайло Рустамовага асосланиб, Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

“Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан бирор мактаб санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди деб топилса, ушбу мактабда анъанавий таълим бошланишига йўл қўйилмайди, яъни ўқувчиларнинг таълим олиши масофавий тарзда амалга оширилади”, деди вазирлик расмийси АОКА штабидаги брифингда.

Матбуот котиби мактабларнинг қай ҳолларда карантинга ёпилиши мумкинлигига аниқлик киритди.

“Битта синфда 3 нафар ўқувчида коронавирус аниқланган тақдирда синф Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан карантинга олинади ва мактабда дезинфекция тадбирлари амалга оширилади.

Жами синфлар сонидан ёки ўқитувчи-ходимлар жами сонидан 10 фоизида коронавирусга тест натижалари ижобий натижани кўрсатган тақдирда мактаб карантинга олинади”, деди Лайло Рустамова.

Аввалроқ ўқувчилар тўпланиб қолишининг олдини олиш учун синфлар турли соатларда мактабга келиши йўлга қўйилиши ҳақида хабар берилган эди.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид