Жамият | 22:02 / 05.09.2020
20312
5 дақиқада ўқилади

1000 та жўжа билан беш ойда камбағалчиликдан чиқиш мумкинми?

Паст Дарғом тумани «Қўқони» маҳалласида истиқомат қилувчи Достон Тиркашев билан суҳбатимиз давомида ушбу саволга жавоб изладик. Ва айтиш мумкинки, қайсидир маънода бу ёш йигитда пайдо бўлган ўзига ишонч бизни мамнун қилди.

Достоннинг отаси айни вақтда Россияда. Карантин сабабли оиласининг кундалик харажати учун ҳам маблағ юборолмаяпти. Аксинча, ўзи қийин аҳволга тушиб қолган. Оилада ҳеч ким доимий даромадга эга бўлмагани сабабли вазият оғирлашган. Онаси, укаси ва синглиси билан сўнгги пайтларда анча қийналиб қолишганди. Шу сабабли оила «Темир дафтар» рўйхатига кирганди.

«Очиғини айтаман, маҳалладан бизга ҳар сафар ёрдам берилганда уялардим, виждоним қийналарди. Маҳалла қарашди, ўзим ҳам уларнинг ёнига кириб ишладим ва уйимизни таъмирладик. Касб-ҳунар коллежини битирганман, доимий ишим бўлмагани сабабли рўзғоримизда сўнгги ойларда анча етишмовчилик бўлгани рост.

Аммо маҳалламиз вакиллари яхши таклиф беришди: «Жўжа олиб берамиз, ўзинг парваришлайсан, тоза-озода қилиб сўясан, уйингдан гўштини олиб кетишади», дейишди. Ҳудуд раҳбари бўлган туман прокурори ҳам келиб кетди, далда берди. Жўжаларни қандай боқишим, озуқаси, суви ҳақида тушунтиришди. Шундан сўнг таваккал қилиб мингта жўжа олдик. Ўзимизнинг оғилхонамизда жой тайёрлаб, оиламиз билан жўжа парваришлашга киришдик. Бир ойда тайёр бўлди.

Товуқ гўштига харидор ҳам изламадик. Биз шу иш билан шуғуллана бошлаганимизни билган харидорларнинг ўзи келиб, уйдан олиб кетишди. Биринчи сафар беш миллионга яқин даромад олдик. Мана бу кўриб турганларингизни боқаётганимга ўн кунча бўлди. Бу сафар беш миллион соф фойда олишни режалаштириб турибмиз.

Очиғи, энди ишимни топдим. Насиб этса, тез орада ўзимизни тутиб оламиз, бошқаларнинг кўмагига муҳтож бўлмаймиз», дейди Достон Тиркашев.

Достон яқинда ҳалол меҳнат эвазига топилган пулга оила қурибди. «Ўттиз кишилик тўй ўтказдик», дейди у.

Улар пахтадан бошқа экинларни ҳам етиштира олишини исботламоқчи

Дарҳақиқат, ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш бор. Достон ўзи айтганидек, омадини паррандачиликда кўрмоқда. Яна кимдир ўзининг ери бўлиши ва унга озгина далда берилишига муҳтож.

Масалан, туманнинг «Бешбола» маҳалласида истиқомат қилувчи Охун Донаев деҳқончилик қилишни истарди. Унга кооперациялар ташкил қилингани, агар ишлайман деса, ер, ўғит, уруғлик олиб берилади ва ўз аравасини ўзи тортиши керак бўлади. Бу имконият вақтинча, албатта. Айтайлик, унинг ҳозирги шароитидан келиб чиқиб, уч йил давомида солиқ тўламайди, янги ўзлаштирилган ерда оиласи билан деҳқончилик қилади.

Шундан сўнг кооперация раҳбари билан шартнома асосида ўша ерда ишини давом эттириши ҳам мумкин бўлади. Келишув шундай. Бу таклифни Охун бажонидил қабул қилди.

«Шу пайтга қадар фермернинг қўлида ишлаганман. Нолимайман, кун ўтиб турарди. Меҳнатимизга яраша озроқ ғалла олардим.

Бу йил менга йигирма сотихдан ортиқроқ ер беришди. Уч йил давомида ҳеч қандай тўловсиз фойдаланаман. Биринчи йилга помидор-бодринг экдим, пешма-пеш бозорга олиб бордим, дўконларга тарқатдим. Қўлим пул кўрди. Болаларим, аёлим билан деярли ҳар куни шу ерда ишлаймиз. Келаси йилдан мевали дарахт экишни режалаштиряпмиз. Боғ ораларига экин қиламан. Кооперация раҳбарлари қўллаб туришса, икки-уч йилда ўзимни анча тутиб оламан.

Шу ўринда бир гапни айтсам. Тан олиш керак, биз томонларда йиллар давомида асосан пахта, нари борса ғалла экилган. Деҳқончилик борасида Тойлоқ, Булунғур, жомбойлик деҳқонлар каби ишнинг кўзини билмаймиз. Худога шукур, еримиз унумдор. Шундай экан, одам қилган ишни одам қилади. Келаси йилдан янада бошқача, самарали ишлаймиз», дейди О.Донаев.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, туманда камбағалликни қисқартириш мақсадида Хитой тажрибасидан келиб чиқиб, 3 та қишлоқ хўжалик бирлашмалари (кооперативлар) ташкил этилган. Уларга 43,3 гектар ер майдони ажратилган. Лалми ерлар ўзлаштирилган, артизиан қудуқлари қазилиб, сув чиқариб берилган.

Кооперативларга 225 нафар ишсиз ва камбағал фуқаролар аъзо бўлган. 294,2 млн. сўм миқдорида субсидия берилган. Ушбу фуқаролар асосан полиз маҳсулотлари ва сабзавот экинлари экишган.

Исомиддин ПЎЛАТОВ, Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид