Ўзбекистон | 14:40 / 07.09.2020
3919
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон «Арми – 2020» халқаро армия ўйинларида қатор рекордларни янгилади

 23 августдан 5 сентябргача давом этган «АрМИ – 2020» халқаро армия ўйинларида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари 30 дан ортиқ давлатнинг 160 дан зиёд жамоаси қаторида 16 йўналишда иштирок этди.

Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида ўтган “Ҳарбий- тиббий эстафета” мусобақасида ўзбекистонлик ҳарбийлар ўтган йилги рекордларни бир неча бор янгиладилар. Хусусан, эркаклар жамоаси 6 дақиқа 28,8 сония кўрсаткич билан рекорд вақтини 1 дақиқа 8 сонияга янгилади.

Шарқий ҳарбий округи полигони биринчи бор мезбонлик қилган “Йўл патрули” мусобақасида ҳам ўзбекистонликларга тенг келадигани топилмади ва республика жамоамиз Россия ва Беларусдан келган ҳамкасбларини ортда қолдириб, 1-ўринни эгаллади.

Халқаро армия ўйинларининг “Содиқ дўст” мусобақасида 2017 йилда 3-ўринни, 2018 йилда 4-ўринни 2019 йилда 2-ўринни қўлга киритган Ўзбекистон ҳарбий кинологлари жорий йилда 1-ўринга сазовор бўлди.

Новосибирск шаҳри яқинидаги “Кольцово” полигонида бўлиб ўтган “Қўшин разведкаси аълочилари” мусобақасида Ўзбекистон жамоаси 2-ўринни эгаллади.

“Эльбрус ҳалқаси” халқаро мусобақасида иштирокчи давлатлар ҳарбий хизматчилари бир неча шартларни ўта мураккаб тоғ шароитида ва кучли босим остида бажардилар. 

Вакилларимиз ушбу мусобақаларда 2017 ва 2018 йилда 4- ва 5-ўринларни эгаллаган эди. 2019 йилда эса Ўзбекистон жамоаси шоҳсупанинг иккинчи поғонасини эгаллади. Жорий йилда ҳам ҳамюртларимизга иккинчи ўрин насиб этди.

VI Халқаро армия ўйинларида ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар иштирок этган барча йўналишлар бўйича натижалари қуйидагича:

  • “Содиқ дўст”, “Йўл патрули”, “Ҳарбий-тиббий эстафета” — 1-ўрин;
  •  “Қўшин разведкаси аълочиси”, “Ҳарбий ралли”, “Отлиқ марафон”, “Эльбрус ҳалқаси”, “Хавфсиз маршрут”, “Артиллерия олови устаси”, “Қуролсоз уста”, “Мерганлик марраси” — 2-ўрин;
  • “Дала ошхонаси”, “Хавфсиз муҳит”, “Автозирҳли танктехника устаси” — 3-ўрин.

Ўтган йил Ўзбекистон ҳарбийлари умумжамоа ҳисобида 32 мамлакат ҳарбийлари ўртасида 5-ўринни эгаллаган бўлса, бу йил 3-поғонага кўтарилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш