Ўзбекистон | 21:15 / 07.09.2020
25506
8 дақиқада ўқилади

Турк нашрлари: Ўзбекистон коронавирусга қарши курашда минтақа давлатларига ўрнак бўлди

Туркиянинг нуфузли нашрларидан бири «Haberturk» Ўзбекистонда коронавирусга қарши кураш доирасида олиб борилаётган чора-тадбирлар эътироф этилган мақола эълон қилди. Бу мақола «Bursahakimiyet» нашри cаҳифаларидан ҳам жой олди.

Коронавирус тарқалиши яна авж олиши туфайли кўплаб мамлакатларда янги касалланиш ҳолатлари ва ўлимлар сони кўпайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистонда ўз вақтида кўрилган чора-тадбирларнинг самараси диққат-эътиборни тортаётгани таъкидланган мазкур мақолада қуйидаги фикрлар баён этилади.

Коронавирус эпидемиясининг дастлабки кунларидан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, мамлакатда Наврўз каби оммавий маросимлар ўтказилишига чек қўйди, мактаблар фаолиятини тўхтатди. Бошқа давлатлар билан ҳаво ва қуруқлик йўллари ёпилди, темир йўллар қатнови тўхтатилди. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев эпидемия бошланиши билан фуқароларнинг яшаш шароитларини яхшилаш ва иқтисодий барқарорликни таъминлашга қаратилган жами 14 банддан иборат қарорни кучга киритди.

Эпидемиянинг бутун дунёга тарқалиши билан Ўзбекистон ҳукуматининг муваффақиятли кураши минтақадаги давлатларга қараганда мамлакатнинг жуда оз йўқотишга учрашини таъминлади. Эпидемия тарқалиш тезлиги пасайганидан кейин бошланган нормаллашувдан сўнг, яна ўсиш кузатила бошланди. Янги ҳолатлар сонининг ўсиши ҳукуматни эрта чоралар кўришга ундади. Вазият мураккаблашишини кутиб ўтирмай, барвақт чоралар кўрилиши натижасида мамлакатдаги эпидемия суръати тағин назорат остига олинди.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан ажратилган молиявий ресурслар соғлиқни сақлаш тизими салоҳиятини, индивидуал ҳимоя воситалари ва бошқа тиббий асбоб-ускуналарни мустаҳкамлашга сарфланди.

Инқирозга қарши олиб борилган молиявий чора-тадбирлар доирасида Молия вазирлиги томонидан 10 триллион сўм (1 миллиард АҚШ доллари) миқдоридаги Инқирозга қарши кураш жамғармаси ташкил этилди. Бугунги кунда ушбу жамғармадан 5 триллион 293 миллиард сўм (520 миллион АҚШ доллари) сарфланган. Бундан ташқари, коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш учун 746 миллиард сўм (74 миллион АҚШ доллари), қўшимча инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 1 триллион 741 миллиард сўм (170 миллион АҚШ доллари), фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун 641 миллиард сўм (62 миллион доллар), иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун 2 триллион 166 миллиард сўм (210 миллион АҚШ доллари) ажратилдı. Ўз вақтида амалга оширилган чора-тадбирлардан 500 мингдан ортиқ корхона ва 8 миллион фуқаро фойдаланди, вилоятларда бу миқдор 30 триллион сўмни (3 миллиард АҚШ доллари) ташкил этди.

Ҳозирда минтақадаги мамлакатлар билан таққослаганда Ўзбекистонда коронавирусдан соғайиш кўрсаткичи юқори, янги ҳолатлар сони ҳам нисбатан кам. Ўзбекистонда ҳолатлар сони ҳар 100 минг кишига 35 нафардан тўғри келмоқда. Бу кўрсаткич Россияда 484, Беларусда 681, Қозоғистонда 291, Қирғизистонда 143 ва Арманистонда 1024 кишини ташкил қилади. Касалланиш ҳолатлари сони 34 миллион аҳолига эга Ўзбекистонда 18,5 миллион аҳолига эга бўлган Қозоғистонга нисбатан 5 баравар кам. 

Мамлакатда коронавирус инфекциясидан ўлим даражаси ҳам жуда паст – 0,4 фоиз. Бу эса Қирғизистон ва Қозоғистон каби қўшни давлатларга қараганда 2-3 баравар кам дегани. Бу кўрсаткич Россияда 1,5фоиз, АҚШда 4 фоиз, Бразилияда ва Ҳиндистонда 3 фоизни ташкил қилмоқда.

Ўзбекистон бунга қандай эришди? 

Ўзбекистонда коронавирус билан касалланган фуқароларни аниқлаш ва уларга зарурий ёрдамни кўрсатиш тўлалигича давлат зиммасида бўлди. Коронавирусга қарши курашга жами 1,7 триллион сўм (1,7 миллиард АҚШ доллари) ажратилди. Бир беморга ўртача 32,3 миллион сўм (3 минг 200 АҚШ доллари), интенсив терапияда даволанувчилар учун эса 64,4 миллион сўм (6 минг 300 АҚШ доллар) сарфланди. Fair Health маълумотларига кўра, АҚШда коронавирусга чалинган беморлар учун 73,3 минг доллар, агар уларнинг суғуртаси бўлмаса, 38 минг доллар сарфланмоқда.

Covid-19 жараёнида Ўзбекистон ҳукумати соғлиқни сақлаш ходимлари учун 878 минг комбинезонлар етказиб берди. Шу билан бирга, Тошкент шаҳридаги жами 4 минг 637 ўринли 16та соғлиқни сақлаш марказларининг 3 минг 580та ётоғи Covid-19 беморлари учун ажратилди. Вилоятларда эса коронавирус билан касалланганлар учун жами 3 минг 367 ўринли 22та шифохона тайёрланган. Эпидемия даврида 7 минг 130та захира ётоқлар фойдаланишга топширилди ва Тошкентда очилган янги юқумли касалликлар шифохонасида 2 мингга яқин беморни даволаш имконияти яратилди. Шунингдек, мамлакат бўйлаб умумий ётоқ ҳажми 10 минг кишига мўлжалланган карантин марказларида ҳам тиббий хизмат кўрсатилмоқда. 

Иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш туфайли имкониятлар сақлаб қолинди

Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун, аввало, даромад солиғини нолга туширди. Шунингдек, пандемиядан зарар кўрганларга йўналтирилган соғлиқни сақлаш ва божхона тўловлари кечиктирилди. Кичик ва ўрта корхоналар қўллаб-қувватланди. Тадбиркорлар ер ва мол-мулк солиғидан озод этилди.

Ушбу давр мобайнида хизмат кўрсатиш соҳасидаги 60 фоиз, ишлаб чиқаришдаги 77 фоиз корхонанинг иш фаолияти таъминланди. Май ойи ўрталаридан эътиборан, кичик ва ўрта корхоналар зарар кўришининг олдини олишга қаратилган тадрижий ишлар амалга оширилмоқда.

Мавжуд корхоналарни ривожлантириш ва янгиларини очиш орқали 3 ой ичида 374 минг фуқаро иш билан таъминланди. 33 мингта кам таъминланган оилаларга молиявий ёрдам, 27 минг ишсиз фуқарога 10 миллиард сўм (1 миллион АҚШ доллар) миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Халқаро институтлар маълумотларига кўра, дунёнинг барча мамлакатларида иқтисодий ўсиш пасайган. Ўзбекистонда эса ўсиш кўрсаткичи сақланиб қолмоқда. Жаҳон банкининг апрель ойидаги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда бутун йил давомида иқтисодий ўсиш 1,6 фоиз, Fich Ratings’га кўра 2 фоизни ташкил этади. ЕТТБнинг май ойидаги маълумотларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти 1,5 фоиз ўсиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, SEİR тадқиқотлари натижаларига кўра, мамлакатда эпидемия даврида кўрилган чора-тадбирлар туфайли, Ўзбекистонда бир ойни истисно қилганда, бошқа ҳеч қандай иқтисодий инқироз кузатилмади. Мамлакатда чекловларни юмшатиш ва ҳаётни қайтадан жонлантириш жараёни жадал давом этмоқда.

Хорижий савдо-сотиқда ҳам ривожланиш кузатилмоқда

Ўзбекистон тараққиёти бугун ҳар қандай соҳада юқори суръатларда давом этмоқда. Мамлакат бўйлаб ташқи савдо алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш катта аҳамиятга эга. Давлат, умуман олганда, демократик ўзгаришларга, шунингдек, иқтисодий эҳтиёж ва талабларга жавоб берадиган мақомга эга. Ўзбекистон билан умумий алоқада бўлган мамлакатлар орасида йирик иқтисодиётга эга АҚШ давлати биринчи ўринда туради. Ҳамкорлик доирасидаги икки томонлама муносабатлар даражаси рақамларда акс этмоқда. 2019 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо ҳажми 2018 йилга нисбатан 44 фоизга, импорт ҳажми эса 49,9 фоизга ўсди.

Пандемияга қарамай, юксалиб бораётган кўрсаткичлар ўзаро муносабатлар узоқ муддатли стратегик аҳамиятга эгалигини кўрсатади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси президентининг амалий ва узоқ муддатли иқтисодий сиёсати натижаси эканини ва мавжуд салбий вазият вақтинчалик эканлигини исботламоқда.

Ўзбекистондаги ички ва ташқи иқтисодий сиёсат дунё эътиборини тортмоқда. Сиёсатшунослар Ўзбекистоннинг ўзгараётганини таъкидлашмоқда, унинг ички ва ташқи сиёсий ютуқлари ҳақида фикр билдиришмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатнинг дунё ҳамжамияти билан бирлаша бошлаганини кўрсатмоқда.

Мавзуга оид