Ўзбекистон | 19:05 / 08.09.2020
71774
6 дақиқада ўқилади

Депутат Кушербаев судга чақирилди. Унга қарши кўрсатма олишга уриниш бўлгани айтилмоқда

Тошкент вилоятида иши жиноий судда кўрилаётган судланувчидан Олий Мажлис депутати Расул Кушербаевга қарши кўрсатма бериш талаб қилингани иддао қилинмоқда. 7 сентябрь кунги суд мажлисида депутат ва тергов органлари ходимлари сўроқ қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

7 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Оққўрғон туман судида Зокиржонов Жавоҳир Зокиржон ўғлига нисбатан юритилган жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда гувоҳлар сўроқ қилинди.

Зокиржонов Жавоҳир Зокиржон ўғли 

Тергов органи айблов хулосасига кўра, «Қўшёғоч олтин файзли балиқлари» МЧЖ раҳбарлари​ – Жавоҳир Зокиржонов ва унинг акаси Бекзод Зокиржонов 2019 йил июнь-сентябрь ойлари давомида балиқчилик ҳавзасини ташкил этиш учун қазиб олинган қум-шағал аралашмаларини иш ҳақи ва бошқа мақсаддаги ҳисоб-китоб келишувига асосан ташиб кетилишига йўл қўйган. Шу тарзда, тадбиркорлар ўзларига ишониб топширилган ва уларнинг ихтиёрида бўлган жами қиймати 600 789 105 сўмлик давлат мулкини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликда айбланяпти.

Адвокат Умид Давлатовнинг Kun.uz'га маълум қилишича, унинг ҳимояси остидаги Жавоҳир Зокиржонов Жиноят кодексининг 167-моддаси («ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш») 3 қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбланмоқда. Адвокат ушбу жиноят иши доирасида бир қанча процессуал тартиблар бузилгани, судланувчининг айблилигини исботлаш учун етарли далил мавжуд эмаслигини эътироф этиб, оқлов ҳимоя позициясида эканини билдирди.

Судланувчи Жавоҳир Зокиржоновга кўра, ундан туман прокурори катта ёрдамчиси – ишни юритган терговчи Жамолшер Рустамов депутат Расул Кушербаевга нисбатан кўрсатма беришини талаб қилган.

«Ҳаммасини у қилган, деди. Сен фақат ўртада тургандинг, ўша нарсани ёзиб берсанг, бас, деди... «Менинг номимга жой берилганди, корхонанинг норасмий раҳбари у эди», деб ёзиб бер, деган», – дея судда кўрсатма берди Жавоҳир Зокиржонов.

Адвокатнинг илтимосига кўра, судда депутат Расул Кушербаев ҳам гувоҳ тариқасида сўроқ қилинди. У Жавоҳирни аввалдан танишини, сайловчиларига ғамхўр бўлиб, Янгийўл ва Чиноз туманларида яшовчи аҳоли мурожаатини доим ўрганиб келганини, Зокиржонов ҳам шулардан бири бўлганини айтди.

«Янгийўл туманида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар сонини аниқ билмайман, бутун республикада ҳам кўп. Менга улардан кўп масалада мурожаат келиб тушади. Жавоҳир ва унинг акаси мен яшаётган маҳаллада истиқомат қилади. Кимгадир иши битишида қандайдир нафим тегса, бу нотўғри тушунилиб, бунда менинг улушим бор, деган фараз пайдо бўлса – бу ўша одамларнинг бузуқлигидан.

Балиқчилик хўжалигини ташкил этишда ҳам акаси менга мурожаат қилганди. Ҳужжатлари битмаётганини айтганда, ҳокимиятдан сўраганман: ҳаммаси расо бўлса, нега ишни пайсалга соляпсиз? Бу айнан жойларда ишчи гуруҳ билан масалаларни ўрганиш пайтида юз берган. Унга ҳуқуқий маслаҳатлар бериб, тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаб келганман. Аммо қўллов корхона меники эканини англатмайди. Агар шундай бўлса, Янгийўл, Юқори Чирчиқ ва бутун республикада кўмак олган тадбиркорларнинг жойлари меники бўлиб чиқиши керак. Бу нотўғри қараш», – дейди у.

Кушербаевнинг таъкидлашича, Жавоҳир Зокиржоновга терговолди суриштирув бошланганда, депутатнинг прокуратура органлари билан боғлиқ бошқа муаммолари ҳам пайдо бўлган. Буларнинг ҳаммаси бир вақтга тўғри келган.

«Наҳотки, бу ишни қилишган, деган шубҳа пайдо бўляпти. Давлат раҳбарининг сиёсатидан юриб, тадбиркорларга ёрдам бериб, уларни қонуний қўллаб-қувватлаш оқибатида бунақа гаплар чиқса, депутат нима иш қилиш керак? Мен депутатлик ваколатимдан келиб чиқиб, кўмак берганман. Агар улар ноқонуний иш қилган бўлса, процесс давомида барчаси қонуний кўриб чиқилсин. Қонунлар ишласин. Айби бўлса, айбли бўлиши керак. Айби бўлмаса, сохталаштириш шарт эмас. Булар сайлов округимдаги сайловчилар, ҳар бир сайловчи учун судда келиб жавоб бериш талаб этилса, буни бажаришга тайёрман», – деди у.

Шунингдек, судда балиқчилик ҳавзасини ташкил этиш учун ер қазиш ишларини бажарган тадбиркор Азиз Йўлдошев ҳам гувоҳлик берди. Унинг айтишича, судланувчининг акаси Бекзод Зокиржонов бажарилган иш учун тўловни ўз муддатида бажармаган. Шу туфайли, у иш ҳақи эвазига қазиб олинган шағални беришини сўраган. Аммо терговда ҳам, судда ҳам ҳавзадан қанча машина қум-шағал олиб кетганини аниқ айта олмади.

Азиз Йўлдошев

Йўлдошевнинг билдиришича, ҳавзадан чиққан қум-шағал «ҳавзанинг дамбасини қуриш учун» ишлатилган. Бундан ташқари, «ҳокимият топшириғи билан юк машиналар саноқсиз марта ҳавзадан шағал олиб кетган».

Судда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти Бекобод туман бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган ҳамда терговни олиб борган туман прокурори катта ёрдамчиси Ифтихор Султонов (ҳозирда бошқа лавозимда фаолият олиб бормоқда) ҳам гувоҳ сифатида сўроқ қилинди. У ва ишни юритган терговчи Жамолшер Рустамов депутат Расул Кушербаевга нисбатан кўрсатма талаб қилинганини инкор этиб, жиноят иши амалдаги қонунчиликка мувофиқ юритилганини айтишди.

Суд 9 сентябрга қадар танаффус эълон қилди. Кейинги суд мажлисида томонлар музокара нутқини билдиради.

Мавзуга оид