Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Кадастр агентлиги: Ўзбекистон Google харитага муқобил ресурс яратади
Кадастр агентлиги Google харита хизматига муқобил миллий ресурс яратишини маълум қилди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.
8 сентябрь куни ташкил этилган матбуот анжуманида Кадастр агентлиги раҳбарияти янги тузилманинг фаолияти ва режалари ҳақида жамоатчиликка маълумот берди.
Давлат кадастрлари, геодезия ва картография миллий маркази директори ўринбосари Рустам Пайзиевнинг таъкидлашича, Google харита хизмати кенг жамоатчилик учун очиқ манба ҳисобланади ҳамда Ўзбекистонда космик суратлар талаб этилган суриштирувларда ёрдамчи манба сифатида ишлатилади.
«Ўзбекистонда 2000 йилдан буён маълум бир даврлар учун хос бўлган космик суратлар мавжуд. 2019 йилдан буён, шу турдаги хариталарни ҳам жамоатчиликка очиқлаш бўйича қарор қабул қилинган. Кадастр агентлиги ҳам шундай ресурс сифатида маълумот беради. Масалан, тергов идораси келиб, 2008 йилда бирор ҳудуд тасвирини сўраса, ушбу маълумот базамизда бўлса, уни расман тақдим эта оламиз», — дейди у.
Агентлик директори ўринбосари Шерзодхўжа Ҳабибуллаевнинг қайд этишича, собиқ Совет ҳукмронлигида кўплаб хариталар ҳарбий мақсадларда яратилган. Шунинг учун, улар кўп йиллар оммага ошкор этилмаганди.
Директор Ҳалилуллоҳ Тўрахўжаев Кадастр агентлиги Google харита ресурсига муқобил миллий платформани ташкил этишнинг босқичлари ҳақида маълумот берди.
«Шу йилнинг охири, кейинги йилнинг биринчи чорагида хорижий давлатларнинг биридан коинотдаги сунъий йўлдошини ижарага олиш режалаштирилган. Шундан сўнг, Google сингари ресурсда ўзимизнинг аниқ маълумотларимиз бўлади», — дея қайд этди у.
Тўрахўжаев сунъий йўлдошни ижарага олиш масаласида Франция, Қозоғистон, Озарбойжон давлатлари билан музокара ўтказилишини тахмин этди.
Мавзуга оид
19:31 / 04.06.2026
2018 йилдан кейин қурилган ноқонуний уйларнинг тақдири нима бўлади?
22:25 / 14.04.2026
Урбанизация, кадастр ва геодезия олийгоҳи очилади
08:30 / 12.03.2026
Кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига пул талаб қилган мансабдор ушланди
19:32 / 24.01.2026