Спорт | 15:04 / 10.09.2020
9814
2 дақиқада ўқилади

Ҳасанбой Дўсматов: «Профессионал боксда ҳам юқори чўққиларни забт этиш ниятидаман»

2016 йилги Олимпиада чемпиони, 2019 йилдан АҚШда профессионал боксдаги фаолиятини бошлаган Ҳасанбой Дўсматов карантин сабабли айни пайтда Андижонда бўлиб турибди.

Kun.uz мухбири боксчи билан боғланиб, режалари ва айни кунларда нималар билан бандлигига қизиқди.

«Машғулотларни Андижон шаҳридаги 50-мактаб спорт залида ўтказяпман. Шунингдек, жисмоний ҳолатимни янада яхшилаш мақсадида фитнес залида шуғулланяпман. Тажрибали мураббийлар Зиёвиддин Тойганбоев ва Ўткирбек Ҳайдаров менга йўл-йўриқ кўрсатиб, профессионал рингда бўладиган жангларга пухта тайёрланиш бўйича керакли маслаҳатларни беришмоқда», – дейди Ҳасанбой Дўсматов.

Спортчи карантин сабаб оиласи бағрида экани, таътилни икки ёшга яқинлашаётган ўғли Муҳаммад Али билан айниқса мароқли ўтказаётганини таъкидлади.

«Карантин талаблари юмшатилиб, хорижга йўллар очилса, Америкага жўнаб кетаман. У ерда профессионал рингда ўтадиган жангга икки ойча тайёргарлик кўраман.

«Мир бокса» клуби сафига қўшилганман. Менга моҳир мураббийлар Жоэл Диас ва Тоно Диас устозлик қилишади. Уларнинг қўл остида профессионал боксда ҳам юқори чўққиларни забт этишга ҳаракат қиламан», – дейди Ҳасанбой.

Эслатиб ўтамиз, 27 ёшли боксчи профессионал рингда ҳозирча битта жанг ўтказган. 2019 йил ноябрида Мексикада дебютини ўтказган Дўсматов мезбон боксчи Хесус Сервантес Вильянуэвани 2-раундда полга қулатиб, профессионал боксдаги фаолиятини нокаут билан бошлаган эди.

Мавзуга оид