Ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди - Сенат
Сенат ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди.
Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Ботир Матмуратов қонун билан 17та қонунга, хусусан, 8та кодекс ва 9та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётганини айтиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, Меҳнат кодекси, Фуқаролик кодекси, Оила кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси, Божхона кодекси ва Солиқ кодекси шулар жумласидандир.
Хусусан, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуни билан ҳимоя ордери таъсис этилган эди. Лекин ушбу ҳимоя ордерида назарда тутилган чекловларни бажармаганлик учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик масаласи очиқ қолган. Шу боис тазйиқ ўтказишга ва (ёки) зўравонлик содир этишга мойил бўлган ёки уларни содир этган шахс томонидан ҳимоя ордери талабларини бажармаганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди ва бу чекловларнинг бажарилишини яна бир бор кафолатлади.
Ўз ўрнида «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун янги банд билан тўлдирилиб, унга кўра тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга етказилган маънавий ва моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан даъвогар фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинди.
Шунингдек, киритилаётган ўзгартиришларга кўра Жиноят кодексининг «Меҳнат қилиш ҳуқуқини бузиш» учун жавобгарлик белгиловчи модданинг тегишли қисми янги таҳрирда баён этилиб, унга кўра жабрланувчи тараф нафақат ёш боланинг онаси, балки парвариш қилаётган унга яқин бошқа шахс ҳам бўлиши мумкинлиги кўрсатилди.
Халқаро шартномаларда бошқача шартлар келишилмаган бўлса, хорижий ташувчиларга тегишли бўлган автотранспорт воситаларида юк ва йўловчиларни республикамиз ҳудудида жойлашган пунктлар ўртасида ташиш (каботаж) тақиқланган. Шу сабабли Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси бошқа давлатларда рўйхатдан ўтказилган юкларни ва (ёки) йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган автотранспорт воситаларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш учун жавобгарлик белгиланган янги модда билан тўлдирилмоқда.
Давлат экология қўмитаси инспекторларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, уларнинг кўрсатмаларини бажармаслик ва бошқа ноқонуний ҳолатларнинг кўплаб учраётганини ҳисобга олиб, жавобгарликни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси тегишли янги модда билан тўлдирилмоқда.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга оид
12:30 / 06.11.2024
АҚШда Трампнинг республикачилари Сенатда кўпчилик ўринни қўлга киритди
15:55 / 24.10.2024
“5 йилда 440 га яқин қонун муҳокама қилинди” - Сенат раиси
13:38 / 23.10.2024
Ердан фойдаланиш ҳақидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
13:04 / 23.10.2024