Иқтисодиёт | 22:42 / 12.09.2020
10565
2 дақиқада ўқилади

Швеция нақд пулдан фойдаланилмайдиган илк давлатга айланиши мумкин

Фото: Getty Images

Швециянинг Klarna онлайн-банки маълумот беришича, пандемияга қадар унинг мижозлари 63 фоиз ҳолатда контактсиз тўловдан фойдаланган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 73 фоизга етган.

Коронавирус пандемияси сабабли Швеция нақд пул муомаласидан бутунлай воз кечиши мумкин, деб ёзмоқда Bloomberg.  

Агентликнинг қайд этишича, Швеция шундоқ ҳам нақд пул муомаласи бўйича дунёда энг паст кўрсаткичга эга. Халқаро ҳисоб-китоблар банкининг 2018 йилги маълумотларига кўра, мамлакат ЯИМнинг 1,3 фоизи нақд пулга тўғри келган. Таққослаш учун, АҚШда бу кўрсаткич 8,2 фоизни, Евроҳудудда эса 10,9 фоизни ташкил этган.

Рақамли пулларга ўтишда кўплаб устунликлар мавжуд бўлиши билан бирга, муаммолар ҳам юзага келиши мумкин, деб ёзади Bloomberg. Агентлик рақамли тармоқларда узилишлар содир бўлиб, эски тизимга қайтиш учун нақд пул етарли бўлмаган ҳолда нима бўлиши мумкин деган саволни беради. Агентлик шунингдек, киберҳужумлар хавфига ҳам эътибор қаратган. 

Швециянинг Klarna онлайн-банки маълумот беришича, пандемияга қадар унинг мижозлари 63 фоиз ҳолатда контактсиз тўловдан фойдаланган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 73 фоизга етган.

«Одамлар пул ушлашни хоҳлашмаяпти», — деди банкнинг мижозлар билан ишлаш бўйича менежери Вивека Содербак.  

Қайд этилишича, кунлик харажатлар учун ота-оналаридан пул оладиган болалар сони ҳам кўп эмас. Июнда ўтказилган сўровлардан маълум бўлишича, фақат 16 фоиз болаларгина ота-оналаридан нақд пул олишади. Ўз навбатида Швециянинг энг йирик Svenska Handelsbanken банки болалар смартфон орқали бошқариши мумкин бўлган рақамли ҳамёнларни таклиф этмоқда.

Мавзуга оид