Эрдўған Франция билан зиддиятлар давом этаётган Сурия, Ўрта ер денгизи ва Ливия масалалари ҳақида тўхталди.
«Биз жанубдаги коалиция кучлари билан курашмоқдамиз. Кўряпсизми, террористик давлат тузишга уриниш бор. Қаерда? Сурияда.
Бошқа томондан, Ливияда, афсуски, Ҳафтар ва Абу-Даби маъмурияти томонидан қўллаб-қувватланадиган «Вагнер» номли ёлланма қуролли кучлар мавжуд. Улар билан бир қаторида Франция ҳам доимо кун тартибида. Мен исмини келтиришни истамасдим, аммо у мен билан кўп ўчакишяпти. «Бизнинг турк миллати билан эмас, Эрдўған билан муаммомиз бор», дейди. Жаноб Макрон, сен ҳали мен билан кўп муаммоларга дуч келасан.
Аввало, турк миллати билан ўчакишма, Туркия билан ўчакишма. Африканинг тарихи Франциянинг тарихидир. Жазоирда бир миллион кишини ўлдирган сизсиз.
Сиз бизга инсонийликдан дарс беролмайсиз, аввало, буни билиб қўйинг. Мен буни шахсан унинг ўзига айтдим. Менга қара, дедим, сенинг тарихдан билиминг йўқ, сен буларни ўрганишинг лозим. Биз эса Африкада бирор инсоннинг бурнини қонатмадик.
Коронавирус жараёни давомида биз Африка ва бутун дунё бўйлаб 150га яқин давлатга ёрдам бердик.
Эй Макрон, сен нима қилдинг? Ҳозир тирсак билан кўришаётганлар нима иш қилишди? Сен шуни айт», дейди Эрдўған.
«Ҳеч қандай тўнтариш қонуний ва маъсум эмас»
Эрдўған нутқининг тўнтаришлар билан боғлиқ қисмида «Туркияда амалга оширилган ёки ташаббус қилинган ҳеч бир давлат тўнтариши миллий, қонуний ва маъсум бўлмагани» ҳақида гапирди. Эрдўған 2016 йил 15 июлдаги давлат тўнтаришига уриниш ҳақида тўхталган.

«Ўша кеча аён бўлганидек, агар миллат оёққа қалқса, тўнтариш қилишга уринганларнинг на қуроли, на замбараклари, на оммавий ахборот воситалари ва на уларнинг халқаро дастаклари бир ишга ярайди.
Ҳар бир тўнтариш аввалги тўнтаришнинг нуқсонларини, чала ва кемтикларини, амалга ошира олинмаган жиҳатларини якунлаб қўйиш учун уюштирилган. Туркияни ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмас даражада муҳим жой деб таърифлаганлар давлатимизни ўз васийлари қўли билан бошқариш учун ҳар қандай усулни синаб кўришди.
Халқимиз 15 июль куни кўрсатган жасорати ва қаҳрамонлиги, ўзининг кучли позицияси орқали ўтмишдаги ифлос сценарийлар билан ҳисоб-китоб қилиб олди», деган у.








