Жаҳон | 13:19 / 13.09.2020
94219
8 дақиқада ўқилади

Коронавирус: Янги ҳолатлар сони ортиши ортида нима бор ва нима учун ваҳимага тушишга ҳожат йўқ?

Европа давлатлари, хусусан, Франция, Испания ва Италия ҳукуматлари коронавирусни юқтирганлар сони ортиши сабабли ваҳимага тушмоқда.

Фото: EPA


Франция ўлим кўрсаткичлари бўйича Европада Буюк Британия ва Испаниядан кейинги учинчи ўринга кўтарилди. Яқиндагина ушбу давлатда касалланишлар бўйича кунлик рекорд қайд этилганди - 1700 атрофида.

Умуман олганда, шу вақтгача Францияда 370 мингдан ортиқ киши коронавирусдан зарарланган, шундан 31 мингга яқин киши вафот этган. Франция Covid-19 сабаб бўлган ўлимлар бўйича дунёда 7-ўринда турибди ва ҳукумат зарурат туғилганда маҳаллий карантин чораларини кучайтириш учун коронавирус тарқалиши билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб боряпти.

Франция ҳукумати мамлакатни ноябрь ойида иккинчи тўлқин қамраб олиши мумкинлигидан хавотирда.

Карантин чоралари июнь ойидаёқ енгиллаштирила бошланган, аммо ҳали ҳам қатъийлигини йўқотмаган Испанияда июль ойидан бошлаб касалланиш ҳолатларининг қайта кескин кўтарилиши кузатилди, мамлакат бўйлаб умумий ҳолатлар сони 576 мингдан ошган. Бу давлат ўлим кўрсаткичи бўйича Францияга яқин кўрсаткич қайд этмоқда - 29,7 минг ҳолат.

Касалланиш ҳолатлари бўйича Европа рекордини ўрнатган Британияда фақатгина сўнгги уч кун ичида рўйхатга олинган ичидаги янги беморлар сони 2 мингдан ортиқни ташкил этади. Касалланиш ҳолатларининг ўртача ўсиш даражаси июль ойидаги кўрсаткичларга нисбатан 4 баробар кўп.

Аммо, ушбу қўрқинчли рақамлар ҳақиқий манзарани аслича намоён этадими? Ваҳимага тушишдан олдин, мутахассислар 5 муҳим омилга диққатни қаратишни тавсия этишади.

1. Касалланиш «пики» аслида пик бўлмаган
Биз коронавирус инфекциясининг тасдиқланган ҳолатлари жадвалига аллақачон кўникдик: у Covid-19 тестларининг кунлик мусбат натижаларини тақдим этади. Апрель ойида Британияда 6 мингта янги ҳолат қайд этилди, шунинг учун сўнгги кунларда пикка бир мунча яқинлашиш кузатилмоқда.

Бироқ, Буюк Британияда пандемия бошида, деярли барча Европа мамлакатларида бўлгани каби, тестларнинг деярли ҳаммаси фақатгина касалхоналардаги беморлар учун ишлатилган, чунки ҳеч бир давлат оммавий тестларга тайёр бўлмаган.

Танлаб ўтказилган тестлар туфайли аҳолининг асосий қисми коронавирусга таҳлил топширмаган, ҳозирги вақтдаги тестларни эса ҳақиқатан ҳам оммавий деса бўлади. Шунинг учун бугунги рақамларни март-апрель ойларида кузатилган «пик» кўрсаткичлари билан таққослаш шунчаки нотўғри. 

Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактабининг маълумотларига кўра, март ойида касаллик юқтириб олганлар сони кунига 100 минг кишига етиши мумкин эди. Аммо бу ҳақда ҳеч ким билмаган - ахир синовлар кўлами фақат март ойининг ўрталарида ўсишни бошлади ва Британияда ҳақиқий оммавий таҳлиллар имконияти пайдо бўлганига унча кўп бўлмади (Германия ва Испанияда бу илгарироқ содир бўлган). 

Шуниси аниқки, бугунги кунда ҳам барча юқтирганларни рўйхатга олиб бўлмайди, аммо бу, пандемия бошида бўлгани каби, тахмин қилинган 5 фоиз эмас.

Шундай қилиб, юқтирганлар сони статистик жиҳатдан кўпаяётган бўлса ҳам, бугунги кундаги инфекцияланиш даражаси пикка қараганда анча паст.

2. Қўшимча тестлар омили
Оммавий таҳлиллар жорий этилгандан сўнг, кунлик ва ҳафталик тестлар сони тобора кўпайиб бормоқда.

Бунинг сабаби шундаки, янги марказлар очилмоқда ва лабораторияларнинг ўтказувчанлиги ошмоқда. Бу шуни англатадики, энди мутахассислар вирус тарқалишини оммавий таҳлиллар бошланишига қараганда анча яхши кузатиши мумкин (пандемия бошида вирус юқиш занжирлари умуман кузатилмагани ҳақида гапирмаса ҳам бўлади). 

Ҳа, бир қарашда янги касалланиш ҳолатлари миқёси ортиб кетгандек туюлиши мумкин, аммо агар тестлар сони июнь ойининг ўрталаридан бошлаб 80 фоизга кўпайган деб ҳисобласак, инфекциянинг ўсиши унчалик ҳам тез ва қўрқинчли кўринмайди.

3. Таҳлил инфекция ўчоқларида амалга оширилади
Таҳлил олиш имкониятлари кенгайиши соғлиқни сақлаш тизимларининг «қўллари бўшагани»ни англатади. Ҳозир Британия ҳукуматида инфекция ўчоқларига юборилиши мумкин бўлган юздан ортиқ мобил лабораториялар мавжуд. 

Лаборатория самарадорлиги билан боғлиқ муаммолар ҳали ҳам давом этаётгани ва баъзида инглизлар учун таҳлилдан ўтиш жуда қийин бўлса ҳам, энди шифокорлар энг юқори инфекцияланиш даражасига эга бўлган ҳудудларга эътибор қаратишлари мумкин. Бундай жойларда, ҳатто аниқ симптомлари бўлмаган одамларга ҳам таҳлил топшириш таклиф этилади.

Бошқа мамлакатларда ҳам худди шу ҳолат. Масалан, Испанияда касалланиш ҳолатлари сони ортиши кузатилган бутун бир минтақалар синовдан ўтказилмоқда. 

Бундай ўчоқларга алоҳида эътибор қаратилиши, ўз навбатида, коронавирус тестида мусбат натижа чиқиши эҳтимолини сезиларли даражада оширади.

Масалан, Буюк Британияда сўнгги бир ҳафта ичидаги барча янги беморларнинг тўртдан бири 20та муниципалитетда аниқланди, улар мамлакатдаги барча муниципалитетларнинг атиги 5 фоизини ташкил қилади.

4. Касалхонага ётқизилганлар сони ўсиши мусбат ҳолатлар сони ўсишидан паст
Сўнгги бир неча кун ичида Британияда коронавирус ташхиси билан касалхонага ётқизилганлар сони бир оз кўпайган, аммо бу жами юқтирганлар сони каби тез ўсаётгани йўқ. Манзара март ойида, касалхоналар том маънода тўлиб кетганидан анча фарқли.

Худди шу ҳолат Испания ва Францияда ҳам кузатилмоқда.

Изоҳлардан бирида айтилишича, тест синовларида касалхонага ётқизишни талаб қилмайдиган енгил касалланиш ҳолатлари кўпроқ аниқланяпти. Бундан ташқари, энг кўп ҳолатлар касалликка осонликча бардош берадиган ёшлар ҳисобига тўғри келаётгани ҳам аҳамиятли. 

Бироқ, касалланиш ҳолатлари сони кўпайиши бизга вирус ҳали ҳам ҳеч қаёққа кетмаслиги ва пандемия кескин ёйилиб кетиши ҳам мумкинлигини ёдга солиб туради.

5. Янги ҳолатлар орасида ёшлар улуши ортиб бормоқда
Англия соғлиқни сақлаш тизими маълумотларига кўра, 20 ёшдан 39 ёшгача бўлган одамлар коронавирусни бошқа ёш гуруҳларидаги одамларга қараганда кўпроқ юқтиришяпти ва уларнинг зарарланиш даражаси пандемия пайтидаги ҳар қандай вақтга қараганда юқори. Бу нима учун содир бўлмоқда?

Бунинг сабаблари хулқ-атворга оид ёки демографик бўлиши мумкин: ёшлар аксарият ҳолларда иш жойига боришлари керак, бу эса одамлар билан яқинроқ алоқада бўлишни англатади, ёшлар кўпинча квартирани ёки уйни дўстлари билан бўлишади ва ниҳоят, улар уйдан ташқаридаги мулоқот, бар ва тунги клубларга боришга мойил. 

Аммо бунинг сабаби коронавирусга қарши тест кенг доирада мавжудлиги бўлиши мумкин. Ёшларда коронавируснинг оғир шаклига чалиниш эҳтимоли бошқа аҳоли гуруҳларига қараганда анча паст, шунинг учун пандемия бошланганда улар таҳлил топшириш мумкин бўлган касалхоналарга камроқ боришган. Оммавий таҳлилдан ўтказиш имкони юзага келгандан сўнг, ушбу аҳоли гуруҳида яна кўплаб юқтириш ҳолатлари аниқлана бошлади, аммо бу касалхоналардаги манзарага ҳеч қандай таъсир кўрсатмаяпти, чунки ёшларда аксарият ҳолларда касаллик енгил кечади ва касалхонага ётиш талаб этилмайди.

Мавзуга оид