Сиёсатчи ва амалдорлар статистика билан бир-бирларига мақтанишяпти: ишлар аввал фараз қилинганчалик ёмон эмас. Айни пайтда, иқтисодчилар етакчи кўрсаткичларни хавотир билан расшивровка қилиб, хулосалар чиқаришяпти: ишлар кутилганидан ҳам ёмонроқ бўлади. Улар бир неча ой давом этган локдаун тўғонидаги тешиклар орқали зўр бериб кўтарилган ишбилармонлик ҳаётининг бўронли оқими қандай қилиб тезда ўз кучини йўқотиб, оддий ботқоққа айланишини кўришмоқда. 

Баҳорги карантиндан чарчаган европаликлар ёзда сочларини қирқишди, таътилга чиқишди, ресторанларга ва саёҳатларга боришди. Иқтисодиёт қайта тикланди, сўнгра вирус ҳам қайтди ва янги локдаун эҳтимолини уйғотди. Расмийлар бунга жавобан янги чекловларни жорий қилишди ва истеъмолчилар яна каталакларига қамалиб қолишди: таътил тугади, болалар мактабга қайтишди ва бунинг оқибати номаълум. Туризм каби баъзи саноат тармоқлари эса ҳали ҳам кома ҳолатида. 

«Баҳорги шўнғишдан кейинги қайтган куч кузгача етади, аммо сўнгги маълумотлар ташвишли аҳволни тасвирлаяпти: қайта тикланиш ғайрати деярли тугаган», дейди ҳар ой Европадаги 5 мингта фирма ўртасида сўров ўтказиб, бизнес кайфиятини ўрганувчи IHS Markit бош иқтисодчиси Крис Уильямсон. 

Oxford Economics тадқиқотчилари муқобил хулосага келишди.

«Тикланиш биринчи босқичда кучли эди, аммо август ойида асосий мамлакатларда Covid-19 ҳолатлари сонининг кўпайиши билан ўсиш суръатлари барқарорлаша бошлади. Сўнгги ҳафталарда у деярли тўхтаб қолган», деб ёзмоқда улар ва йилнинг сўнгги чорагида (октябрь-декабрь) европаликлар бизнес, аҳоли ва хазинанинг баъзи вирусли йўқотишларини қайтариб олишга умид қилган тахминларнинг ёмонлашишини башорат қилишмоқда. 

Пессимистлар статистик маълумотларга эмас, балки одамларнинг ҳаракатланиши ва метрополитен, йўллар, ресторанлар ва кинотеатрларнинг тирбандлиги тўғрисидаги катта маълумотлар тўпламлари таҳлиллари ва сўровномаларга таянишган. Бундай «юмшоқ» кўрсаткичлар, айниқса, вазият шиддат билан ва кутилмаган даражада ривожланиб бораётган инқирозли даврда жуда машҳур бўлиб, бундан икки-уч ой аввалги статистик ўлчовлар бўйича йўл танлаш маъносиз бўлиб қолди.

Энди бу «юмшоқ» кўрсаткичлар истеъмолчилар ва ишчиларнинг одатий ҳаётга қайтиши инфекциянинг кучайиши ва янги чекловлар туфайли узилишлар билан давом этаётганини кўрсатмоқда, Европа мамлакатлари ҳукумати эса бу куз ва қишда умумий локдаундан қандай йўл билан бўлса-да қочиш умидида ушбу қўшимча чораларни жорий этишмоқда. 

Зомби инкубатори
Пессимизмнинг иккита асосий сабаби бор. Биринчидан, коронавируснинг иккинчи тўлқини хавфи. Иккинчидан, давлатнинг улкан кўмаги камайиши хавфи.