Электр энергияни ҳисоблашнинг автоматлаштирилган тизими орқали электр таъминотидаги кўплаб муаммоларга барҳам бериш кўзда тутилган. Жумладан, мазкур тизимни бошқаришда инсон омили кескин камаяди, электр энергияни ҳисоблашда эса бу омил мутлақо бўлмайди. Умуман, мазкур тизим соҳадаги хизмат кўрсатиш сифатини янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда.

Бугунги кунда Бухоро вилоятидаги электр энергияси истеъмолчилари тўлиқ янги тизимга ўтиб бўлди. Шу муносабат билан вилоятда тизимдаги жараённи кўздан кечириш, дастлабки натижалар билан танишиш мақсадида Бухорода бўлдик.

Республика «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими (АСКУЭ) бўйича ўз фикрини билдирди:

«Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2018 йил 23 октябрдаги «Электр энергетикаси тармоғини жадал ривожлантириш ва молиявий барқарорлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига ҳамда 2019 йил 9 июлдаги “Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5761 сонли фармонига асосан амалга оширилмоқда. 2021 йилнинг дастлабки ярмига қадар республика бўйича 7,4 миллиондан ортиқ истеъмолчилар барчаси электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизимига уланиши белгиланган.

Бугунгача мамлакат бўйлаб жами истеъмолчиларнинг ярми янги тизимга уланган. Яъни республика бўйича 70 дан ортиқ туман ва шаҳарларда 3,7 миллион абонентга АСКУЭ тизими орқали электр таъминоти хизмати кўрсатилмоқда.

Таҳлил натижалари шуни кўрсатмоқдаки, янги тизимда электр таъминоти ва қарздорлик билан боғлиқ мурожаатлар сони 15 бараварга қисқарди. Бунинг сабаби, янги тизимда дебитор қарздорликнинг ўзи бўлмайди, истеъмолчи ҳисобида маблағ қолмаса ақлли ҳисоблагич автоматик тарзда ўзи тармоқдан узилади. Қачонки истеъмолчи тўловни амалга оширса яна ишга тушади. Натижада соҳада дебитор қарздорлик кескин камайгани кузатилди. Ҳисоб-китобнинг автомат тарзда аниқ амалга оширилиши ҳам турли тушунмовчилик ва эътирозларга барҳам бермоқда», дейди Жаҳонгир Обиджонов.  

Сиз кўриб турган суратда Бухоро вилоятининг барча ҳудудидаги энергия таъминоти ҳолатини кузатиб туриш мумкин.