Спорт | 08:15 / 17.09.2020
35788
10 дақиқада ўқилади

Ярим асрга юзлашган афсона. Миржалол Қосимов билан катта интервью

Бундан роппа-роса 50 йил муқаддам замонавий ўзбек футболининг энг ёрқин юлдузи Миржалол Қосимов туғилганди. Kun.uz жаҳон, Европа ва Осиё чемпиони бўлган ўзбекнинг Миржалоли билан интервью уюштирди.

– Миржалол ака, аввало, болалигингиз ва футболга кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз.

– Кечагидек эсимда. Маҳалладаги болалар билан ялангоёқ ҳолда кўча чангитардик. Нафақат футбол, «ланка», «эшак минди», «ёнғоқ», «чиллак» ўйнардик. Буларнинг орасида қўй ҳам боқардик. Оқ майкамизни қорайтириб, довучча узардик, тут терардик. Қишда хоккей ўйнардик.

Футбол мактабига боришимдан аввал 1979 йили машина уриб юборган. Бир кун ўзимга келмай, касалхонада ётганман. Ўшанда Оллоҳ менга умримни қайтариб берган. 1980 йили Чиғатойдаги футбол мактабига борганман. Турли мусобақалар орқали 1984 йили СССР ёшлар жамоасига қабул қилинганман. Шу тариқа катта футболдаги фаолиятим бошланган.

– Футбол ўйнаш ёки томоша қилиш учун дарслардан қочганмисиз?

– «Йўқ» десам, ёлғончи бўлиб қоламан. Нафақат дарсдан қочардик, тўп билан мактаб деразаларини синдирардик. Кейинчалик йиғинлар туфайли ҳам кўп бор дарс қолдирганман.

– Футболчи бўлишингизга оила аъзоларингиз қаршилик қилишганми?

– Бўлган. Футболдан чарчаб келардим, жароҳат олардим. Ўшанда раҳматли бувим «Қўй, болам, ўзингни қийнаб нима қиласан?» деганлар.

– 1991 йили Ўзбекистон мустақилликка эришди. «Агар бундай бўлмаганида, СССР катталар жамоаси таркибида ҳам жаҳон ва Европа чемпионатларида қатнашиб, ютуқларга эришардим» деган хаёл ўтганми?

– Унақа хаёл ўтмаган. Муҳими, мустақил бўлдик. Ўша вақтда бошқа миллий жамоалардан таклифлар бўлган. Лекин иккиланмаганман, ўз юртим учун ўйнашга қарор қилганман.

– 17-18 ёшли футболчиларимиз чиқади, айримларини «янги Қосимов» деймиз. Лекин ўша ёшлар 4-5 йилдан сўнг ё биринчи лигада ўйнаётган ёки фаолиятини тугатиб, таксичилик қилаётган бўлади. 17-18 ёшингиздаёқ чемпионликка эришиб, қандай қилиб кейинчалик ҳам барқарорликни сақлаб қолгансиз?

– Чиндан ҳам иқтидорлар жуда кўп. Уларнинг келажагига атрофидагилар кўпроқ таъсир қилади. Ҳаммаси инсоннинг ўзига боғлиқ. Менда ҳам турли ҳолатлар бўлган – тўйларга ва бошқа турли маросимларга таклиф қилишарди. Ҳозирги ёш ўйинчиларга бир маслаҳатим бор: футболни яхши кўрдингми, у доим биринчи даражада қолсин. Футболга ҳаётингни бердингми, у иккинчи ўринга тушмасин. Бошқа касбларда ҳам шунақа. Биздан ҳам кучли футболчилар чиқишини ва улар биз эриша олмаган ютуқларни қўлга киритишларини хоҳлайман.

Пулни биринчи ўринга қўймаслик керак. Масалан, Элдор Шомуродов ва Остон Ўрунов юқори маош берадиган жамоаларга кетишгани йўқ. Босқичма-босқич ўсиб боришмоқда. Мана, Остон меҳнат қилди ва «Спартак»ка ўтди.

Жасур Жалолиддинов «Локомотив»га борди. Қўнғироқ қилиб, «Дуо қилиб қўйинг» деганда, таъсирланиб кетдим. Отабек Шукуров ҳам сабр қилди. Жароҳатдан қутулиб, яна яхши ҳаракат қилмоқда. Бундай йигитларни доим қўллаб-қувватлайман.   

– Россия ва БАА клубларида ўйнагансиз? Легионерлик сизга нималарни ўргатди?

– 14 ёшимдаёқ Москвага борганман. Дастлаб ўзимни йўқотиб қўйганман. Кейинчалик мустақил бўлишни, рус тилини ўргандим. Инглиз тилини ҳам озроқ тушунаман.

– «Пахтакор» либосида ўйнаш қандай ҳиссиётлар беради?

– У вақтда ётсанг ҳам, турсанг ҳам хаёлда «Пахтакор» бўларди. Таклиф қилишларини кутардик. Лекин ўйлаганимдан тез таклиф қилишган. 16 ёшимдаёқ Риганинг «Даугава» жамоаси билан ўйинда захирадан майдонга тушиб, 3 дақиқа ҳаракат қилганман. Ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлиб келганимиздан сўнг жамоага расман қабул қилишган. Биринчи голимни «Крилья Советов»га ургандим.

– Легионер сифатида қайтганингиздан сўнг доим «Пахтакор» сафига қўшилгансиз, аммо 2005 йили «Машъал»га. Ўшанда ҳам «Пахтакор» варианти бўлмаганми?

– Йўқ, фақат «Машъал»дан жиддий таклиф тушган.

– 2002 йилги жаҳон чемпионати саралаши доирасида БАА (0:1) билан баҳсда иситма билан ўйнагансиз. Майдонга тушишни ўзингиз истаганмидингиз?

– Ҳа. Мураббий мажбурламаган, ўзим хоҳлаганман. Ўйин бошида гол ўтказиб юборганмиз, кейин рақиб ҳимояланган. Бир қанча жарима тўплари, бурчак зарбаларидан фойдалана олмаганман. Қийин бўлган. Ўша куни омадимиз келмаганди.

– 2006 йилги жаҳон чемпионати плей-оффи доирасида Баҳрайн билан баҳс қайта ўтказилган. Такрорий ўйин ўтишига миллий жамоа аъзолари қандай муносабат билдиришган? (Изоҳ: Ўша ўйинда Ўзбекистон Баҳрайнни 1:0 ҳисобида мағлуб этади. Япониялик ҳакам Тошимицу Йошида миллий жамоамизнинг пенальтидан урган голини бекор қилади. Ўзбекистон ҳакам устидан FIFA`га ариза ёзади. FIFA эса ўйинни қайта ўтказишга қарор қилади. Такрорий ўйинда 1:1 ҳисоби қайд этилиб, Баҳрайн сафардаги гол эвазига кейинги босқичга чиқади).

– Хоҳламаганмиз, албатта. Ҳозиргача FIFA`га ёзиш қарори кимдан чиққани ҳақида кўп гапирилади. Ким ёзган бўлса ҳам, катта хатога йўл қўйган. Ҳакамнинг хатоси учун ҳеч қачон рақиб жамоа жавоб бермайди. Акси бўлиши ҳам мумкин эди.

Ўшанда яхши формада эдик. Ўйин тугаши билан тезда Баҳрайнга учиб кетганмиз. Жамоа тайёр эди. Аҳил эдик. Қолаверса, рақиб сардори ва яна бир ўйинчиси сариқ карточкалар сони туфайли майдонга туша олмасди, асосий ҳужумчиси жароҳат олганди. Ҳакам хато қилганига қарамай, жавоб ўйинида ҳам ғалаба қозонишимизга ишонгандик. Машғулотдан меҳмонхонага қайтганимизда ўйин бўлмаслигини ва Ўзбекистонга қайтишимизни айтишган. Ҳайрон қолганмиз.

– Футболчиликдаги асосий ютуқларингиз «Пахтакор» билан боғлиқ. «Бунёдкор» бош мураббийи сифатида Тошкент дербиларидаги иштирокингизга «Пахтакор» мухлислари қандай муносабатда бўлишган?

– Мухлислар ҳар хил. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди. Инсон зоти бор экан, гап тўхтамайди. Ҳаммага бирдек ёқиш иложсиз. Гап-сўзлар бўлган. Ҳеч қачон кек сақламаганман. Қайси жамоада бўлсам ҳам, бор кучим билан ишлаганман.

Аввал фақат «Пахтакор»га мухлислик қилинарди. «Навбаҳор» ва «Нефтчи» ҳам бор эди. Аммо ҳозир ҳар бир вилоятнинг ўз жамоаси бор. Фақат миллий жамоа ягона.

– Мураббий бўлиш фикри қачон туғилган? Футболчиликдаёқ мақсад қилганмидингиз?

– Ўйлаб юрганман-у, жиддий мақсад бўлмаган. Таъкидлашим керакки, футболчилик ва мураббийлик – умуман алоҳида йўналиш. Мураббий бўлиш қийинроқ. Футболчи машғулотдан 5 минут олдин келиб, тугагандан кейин кетаверади. Мураббий эса ҳамма нарсага, вақти келса ташкилотчиликка ҳам жавоб бериши керак.

– Нега ўзбек мураббийлари хорижда ишламайди?

– Билмадим. Ўзбекистон барибир Ўзбекистон-да (кулади). Уни ҳеч нимага алмашмаймиз.

– Мухлиси кам, аммо бой клубни бошқариш ёки мухлиси кўп, ўртамиёна жамоада ишлаш. Қай бири мураббийни ривожлантиради?

– Мухлиси кўп жамоа, албатта. Футбол мухлислар учун. Масалан, пандемия сабабли томошабинларсиз ўйнаяпмиз. Уларнинг ўрни нафақат бизда, ҳатто Европада ҳам билинди. Мухлисларсиз футбол гўштсиз, қазисиз ошга ўхшаб қолган.

«Бунёдкор» бошқарувида Эроннинг «Озоди» стадионида ўтказган ўйинимизни эслайман. 59 мингдан ортиқроқ мухлис бор эди. Ёнимдаги мураббий билан гаплашсак, бир-биримизни эшита олмасдик.

– Қаттиққўл мураббий сифатида кўринасиз. Фарзандлар тарбиясида ҳам шундаймисиз?

– Албатта, уйда ҳам талабчанман. Бизни ҳам шундай тарбиялашган. Янаям ҳозирги ёшлар ғишт қуймайди, бетон қоримайди. Нотўғри ҳаракат қилса, танбеҳ бераман. Оилада ҳам мувозанат бўлиши керак.

– Футбол ва оиладан бирини танлашга қийналган пайтларингиз бўлганми?

– Уйда бирор ким касал бўлганда ҳам телефон қилишмаган, мени ишдан чалғитишни исташмаган. Қандайдир муаммо бўлса, аёлим билдирмай ҳал қилишга ҳаракат қилган. Оиламни ҳимоя чизиғига қиёсласа бўлади. Ҳимоя яхши бўлгани учун яримҳимояда бемалол тўп тепганман.

– Оилангизда ҳам футбол муҳити ҳукмронми? Ёки уйда футбол ҳақида гапиришларини истамайсизми?

– Иложи борича футбол ҳақида гаплашмасликка ҳаракат қиламиз. Уйга кирганда невараларинг кулиб турганини кўрсанг, ташқаридаги ишингни унутасан.

– Мураббийликни бошлаган даврингиз билан ҳозирги пайтни таққосласак, матбуот анжуманларидаги фарқни кўрамиз. Ҳозирги Қосимов аввалгисидан кўра гапга устароқдек.

– Йўғе? Албатта, мураббийликда ўтган йиллар ҳам таъсир қилди. Тўғрисини айтсам, интервьюлардан қочадиган инсонман. Чунки бир йили Москвада интервью берсам, ағдар-тўнтар қилиб ўзларидан қўшиб ёзишган. Кейин қанча кўп гапирсанг, шунча хато қиласан, дейишади-ку. Қисқа, лўнда гапираман. Пиарни ёқтирмайман.

– Яна бир бор Ўзбекистон миллий жамоасини бошқаришни таклиф қилишса, қандай жавоб берасиз?

– Ўйлаб кўраман. Юки оғир. Ўхшаб қолса, сендан зўри йўқ. Ўхшамаса, сендан ёмони йўқ.

2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиздан кейин сочларга оқ тушиб кетди. Агар ўшанда ЖЧга чиққанимизда, мендан ва жамоадаги йигитлардан яхшиси бўлмасди. Ёмон ўйин кўрсатмагандик. Менимча, ҳозиргача 14 очко олинмаган. Лекин мундиалга чиқа олмаганимиздан кейин ҳаммаси нолга тенг бўлиб қолади.

Бразилияга боришни жуда хоҳлагандик. Чиққанимизда скаутлар ўйинчиларимизни кузатишарди. Келажак авлод учун ҳам замин яратган бўлардик. Эркак киши ичидан йиғлайди, дейишади-ку. Жуда аламли бўлган.

Аъзамжон Иззатиллаев суҳбатлашди
Тасвирчи ва монтаж устаси Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид