Жамият | 12:30 / 18.09.2020
75879
7 дақиқада ўқилади

Қўшработдаги ошкора қотиллик — рақамлар ортидан қувиш ва жамият лоқайдлиги меваси

Машҳур ёзувчи Габриэль Гарсиа Маркеснинг «Ошкора қотиллик қиссаси» номли асари бор. Қиссанинг мазмунига батафсил тўхталмаган ҳолда унинг моҳиятини очадиган бир жиҳатгагина эътиборингизни қаратмоқчимиз. Қотиллик ошкора содир этилади. Ҳамма – қўни-қўшнилар, бутун бошли жамият ва ҳатто қурбоннинг ўзи ҳам ўзига қасд қилишлари мумкинлигини билиб туради. Аммо ҳамма жим, ҳамма лоқайд.

Фожиа жамиятдаги лоқайдликда эканлигига ишора қилади ёзувчи.

Қўшработ туманидаги қотиллик тафсилотларини ўрганиш мақсадида Kun.uz мухбирлари мазкур туманда бўлди.

Жабрланувчи томоннинг маълум қилишича, жорий йилнинг 28 июнь куни Эркин Қўшниёзов қайнотаси Бекмуҳаммад Галаевникига боради ва пичоқланиб, вафот этади. Жиноят кундузи, кўпчиликнинг кўз ўнгида содир бўлади.

Марҳум Эркин Қўшниёзов яшаган хонадонда бўлдик. Бизга жиноят содир этилган кунда акаси билан биргаликда янгасини олиб келгани борган Мафтуна Қўшниёзова кўрганларини гапириб берди. Акаси унинг гувоҳлигида ўлдирилганини айтди.

«Ўша куни кечроқ оилавий келишмовчилик сабабли отасининг уйига кетиб қолган янгамни олиб келгани чиқдик. Акам йўл-йўлакай ўғлининг суннат тўйи ўтказилгани, бу пайтда онаси ёнида бўлиши лозимлиги ҳақида гапириб борди.

Янгамнинг ота уйига борганимизда акам фарзандлари билан бирга мендан олдинроқ ичкарига кириб кетди. Мен ҳам ортидан секин-аста боравердим. Ўша пайт ҳовлига бир нечта йигитлар югуриб кирди, ғала-ғовур кўтарилди. Акамни ўн-ўн беш киши бўлиб уришаётган экан. «Мафтун, қутқар! Мени ўлдирманглар» деб ёлворарди. Ҳолатни кўриб, қаттиқ бақириб юбордим. Ўша вақт акам бироз нарига қочиб боришга улгурди. Ортидан югуриб етиб олган янгамнинг акаси Акрам акамнинг бел қисмига пичоқ урди. Ётиб қолгач, орқа қисмига бир неча бор пичоқ санчди. Кўз олдимда акамни сўйиб ташлашди.

Ташқарига чиқиб, дадамга телефон қилдим. Акамни ўлдириб қўйишганини айтдим», – дейди Мафтуна Қўшниёзова.

Унинг қўшимча қилишича, жиноят содир этилгунга қадар ҳам акаси ва янгасининг яқинлари ўртасида бир неча марта зиддият бўлган. Оилавий келишмовчилик сабабли сен-менга боришган.

Биз қотиллик содир этилган хонадон – Бекмуҳаммад Галаевникида ҳам бўлдик. Марҳум Эркин Эшниёзовнинг турмуш ўртоғи Дилноза Галаева: «Менинг ҳам айтадиган гапларим бор» дегач, у билан суҳбатлашдик.

«Хўжайинимнинг шаръий никоҳ орқали бошқа хотини ҳам бор эди. Мени кундошим билан яшашга мажбур қилди. Зуғум ўтказди, бир неча марта урди, иккинчи хотинининг хизматини қилишга мажбурлади. Азобларга чидолмай, отамнинг уйига тез-тез келиб қўядиган бўлдим.

Ўтган йили Акрам акам отамнинг ёши ўтиб қолган, эринг сенга зарар етказиши мумкин деб, шаҳарга, ўз уйига олиб кетди. Бизнинг ортимиздан кузатиб борган хўжайиним акамнинг машинасини ёқиб юборди. Шундан сўнг эрим машинанинг товонини тўлаб берди.

Устимга хотин олган бўлса, камига акам билан зиддиятга борди, машинасини ёқди, тинимсиз урарди, бирга яшаб нима қиламан, деб отамникига келиб қўйдим. Аммо муаммо шу билан ҳал бўлмади. Баъзан қўрқитиб, баъзан ялиниб уйига олиб кетарди, оқибатда барибир аёвсиз калтакларди. Кўз олдимда иккинчи хотини билан уйга кириб кетарди...

Ўша жиноят содир этилган кунда ҳам уйимизга келиб, онамни ҳақоратлаб, ёқасига тармашди. Шу пайт қаердандир келиб қолган акам ўзини тутиб туролмади. Акам шунга мажбур бўлди.

Ажрашишга кўп ҳаракат қилганман. Ҳужжатларимни яшириб қўярди, ажрашсанг ҳаммангни ўлдириб кетаман, дерди. Бир марта-икки марта урса ҳам чидардим, бахтли бўлишни мен ҳам истаганман. Нима бўлган тақдирда ҳам бу воқеаларнинг бўлишини хоҳламагандим», – деди Дилноза.

Самарқанд вилоят прокуратураси ушбу ҳолат бўйича жиноят иши очилгани ва дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

«Э.Қўшниёзов 2020 йил 28 июнь куни соат тахминан 19:00 ларда қайнотаси Б.Галаевнинг уйига келиб, турмуш ўртоғи Д.Галаеванинг қайтиб боришини талаб қилган. Ўша вақтда қайнонаси Х.Галаева ва қайинакаси А.Галаев билан жанжаллашиб қолиши оқибатида, А.Галаев Э.Қўшниёзовни қасддан ўлдириш мақсадида дастлаб унинг бош қисмига темир бўлаги билан, сўнг ошхона пичоғи билан танасининг турли жойларига тан жароҳати етказган. Натижада, Э.Қўшниёзов воқеа жойида вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан 29.06.2020 йилда фуқаро Акрам Галаевга нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши бўйича А.Галаев 30.06.2020 йилда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари давомида айбланувчи А.Галаевнинг кўрсатувлари ҳодиса содир бўлган жойда текширилиб, ишга алоқадор шахслар гувоҳ тариқасида сўроқ қилинган ҳамда ҳодиса содир бўлган жойдан олинган ашёвий далиллар юзасидан судга оид биология ва криминалистика экспертизалари тайинланган.

Мазкур жиноят иши юзасидан вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. А.Галаевдан ташқари бошқа шахсларнинг иштироки тўлиқ текширилиб, иш юзасидан айбдор шахслар доираси тўлиқ аниқланиб, қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», – дейилади прокуратура хабарида.

Маҳалла раиси билан суҳбатлашганимизда бу воқеалардан хабардорлиги, икки томон – Эркин ва Акрамнинг ҳам маҳалла-кўй олдида ҳурмати борлиги ҳақида гапирди.

«Марҳум Эркин артезиан қудуғи қазиш билан шуғулланган, Акрам эса ўқитувчи бўлган. Иккисининг ҳам халққа фойдаси теккан», – дейди «Қовунчи» маҳалласи раиси Ўролбой Маҳмудов.

Маълум бўлишича, икки оила ўртасидаги келишмовчилик, умуман, юқорида тилга олинган барча тафсилотлардан маҳалла-кўй, туман ҳокимлигининг соҳа бўйича масъуллари яхши хабардор бўлишган. Қайта-қайта яраштиришга уринган.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Яраштириш деган сўзни қанчалик яхши кўрсак, ажралишни шунчалик ёмон кўриб қолдик. Бу сўздан қўрқамиз. Кўплаб ташкилотларнинг фаолиятига ажрим ва яраштирув салмоғи билан баҳо беришга одатландик. Рақамлар билан ишлаймиз. Кимдир ажрашса, маҳаллага, ҳокимиятга, судга «минус». Шунинг учун ҳамма жон-жаҳди билан яраштиришга интилади. Инсон омили, вазият билан қизиқмайди. Ўша уйда яшаса бўлди, деймиз. Натижада, ошкора қотилликлар содир бўлади, бўляпти.

«Мурдалар гапирмайди», деган ибора бор. Эркин ўша куни синглиси гувоҳ бўлганлари қанчалик ҳақиқат ёки хотини Дилноза билан қандай муомалада бўлганини ўзи билан олиб кетди. Жиноят вақтида ҳамма қўрқувда, ваҳимада бўлгани рост. Масаланинг бу томонига ҳуқуқ-тартибот идоралари, суд холис баҳо беради, албатта.

Исомиддин Пўлатов,
Анвар Мустафоқулов,
Kun.uz мухбирлари.
Тасвирчи – Жаҳонгир Алибоев.

Мавзуга оид