Ўзбекистон | 18:25 / 18.09.2020
18020
2 дақиқада ўқилади

ССВ: Ҳар бир ҳудудга «тиббиёт десантлари» сафарбар қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш, тиббиёт ходимларини ўқитиш ва касбий малакасини ошириш ишларини янада такомиллаштириш мақсадида яна бир янги лойиҳага қўл урилгани ҳақида хабар берди. 

«Юртимиздаги тиббиёт олий ўқув юртлари ва даволаш муассасаларининг тажрибали реаниматолог, терапевт-пульмонолог, педиатр ва бошқа мутахассислари саралаб олиниб, улар Covid-19’ни даволаш муассасаларига жалб этилган шифокорларни коронавирус бўйича тўпланган миллий тажриба ва дунё олимларининг охирги изланишлари натижасида аниқланган сўнгги маълумотлар асосида қайта тайёрлаш ва коронавирусга қарши курашиш бўйича қўлланманинг янгиланган шаклини жойларда тизимли ўқитиш бўйича тренерликка сафарбар қилинмоқда.

Бундан кўзланган мақсад коронавирус ўчоғида иш олиб борадиган мутахассисларни беморлар билан ишлашга максимал даражада тайёрлаш, шу орқали касалликни жиловлашда ва беморларнинг соғайиш кўрсаткичларини янада яхшилашда ижобий натижага эришишдир», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида. 

Бугун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент педиатрия тиббиёт институти, Тошкент стоматология давлат институти, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ва даволаш муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда мутахассислари орасидан саралаб олинган шундай тренерлар билан учрашув ўтказган. Мулоқотда вазир уларга тегишли кўрсатма ва тавсияларини билдирган.

Вазирликнинг тегишли буйруғига кўра, мамлакатнинг ҳар бир ҳудудига 12 нафардан турли йўналишдаги тиббиёт мутахассислари сафарбар қилинади. Уларга қўшимча равишда ҳудудлардаги тиббиёт олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари бириктирилади. Улар коронавирусни даволаш муассасаларида фаолият кўрсатаётган ва у ерда иш бошламоқчи бўлган шифокорларни янгича модул ўқув дастури асосида ўқитади, билим-кўникмаларини оширади, даволаш жараёнларида ҳам бевосита иштирок этади. 

Ўқув дастурини ижобий ўзлаштирган шифокорларга тегишли сертификатлар берилиб, даволаш муассасаларига иш бошлаш учун юборилади.

  • Вазирликнинг сўнгги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар сони 50 мингдан ошган, шу вақтгача 46,5 минг киши тузалган, айни вақтда шифохоналарда 3,3 мингдан ортиқ бемор даволанмоқда.

Мавзуга оид