Ўзбекистон | 17:44 / 19.09.2020
8007
4 дақиқада ўқилади

Дори, уй-жой ва ишга қабул қилиш. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи сайёр қабулидан репортаж

Олмазор тумани 3-сектор ҳудудида Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Азиз Тошпўлатовнинг сайёр қабули ташкил этилди. Унда аҳоли дори-дармон, моддий ёрдам, бошпана ва ишга жойлаштириш каби ўнлаб масалалар билан шаҳар бош посбонига мурожаат этди.

17 сентябрь куни ўтказилган сайёр қабул давомида Азиз Тошпўлатов билан биргаликда Олмазор туман ИИБ бошлиғи полковник Абдумажид Муллажонов ҳамда туман ҳокими ўринбосари Тўлқин Тешаев ҳам иштирок этишди.

Сайёр қабулда мурожаат этувчи аҳолининг кўпчилиги дори-дармон сотиб олишда молиявий қийинчиликка учраётганини билдирди. Уларга туман ҳокимлиги ва ИИБ мутасаддилари томонидан ҳомийлик асосида дори-дармонлар олиб берилиши кафолатланди.

Шунингдек, аҳоли ишсизлик ва ички ишлар органларига ишга қабул қилиш масаласида ҳам мурожаат этди. Азиз Тошпўлатов туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази вакили билан биргаликда уларнинг мурожаатини ўрганиб чиқиб, масалани ижобий ҳал этиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунингдек, бошлиқ ўринбосари — Кадрлар бошқармаси бошлиғи Алиаҳмад Чориевга ИИОда ишлаш ниятида бўлган йигитлар масаласини шахсан ўрганиш топшириғини берди.

Кўп фарзандли, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёл Тошпўлатовдан уй-жой масаласида ёрдам сўради. 

«Очиғини айтаман, давлат уй сотиб олиб бермайди. Лекин уй-жой учун бошланғич тўловнинг ярмини қоплаб бериши ёхуд бошланғич тўловга қурбингиз етган тақдирда, маълум муддат ипотека кредитининг ярмини беминнат қоплаб бериши мумкин», — дея аёл мурожаатига жавоб қилди ИИББ бошлиғи.

Туман ҳокими ўринбосари Тўлқин Тешаев аёлнинг айни пайтда яшаб турган уйини таъмирлаш учун қурилиш материаллари етказиб берилиши, ишчи кучи эса маҳалла кўмаги билан ҳал қилинишини маълум қилди. 

Оилада имконияти чекланган шахсни парвариш қилаётган шахсга нафақа тўланадими? Шу каби савол билан юзланган Олмазор туманида истиқомат қилувчи фуқаро мурожаати ўрганилди ва ижобий ҳал этилди. Шунингдек, йўл қурилиши, болалар ўйин майдончаси қурилиши масаласи ҳам кейинги икки ойда ҳал қилиниши ваъда берилди.

«Бу каби тадбирлар мунтазам равишда ташкил этилади. Пандемияда карантин талаблари туфайли сайёр қабул ўтказиш имконияти бўлмади. Эндиликда бу тарзда аҳоли мурожаатини ўрганиш кўпаяди. Бу нима учун керак? Аввало, аҳолининг манзилли муаммоларини аниқлаб, уларга ечим излаш орқали содир этилиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик барвақт аниқланади. Бундан ташқари, аҳоли мурожаатини бевосита раҳбар томонидан ўрганилиши қуйи мансабдор шахслар масъулиятини ошириб, сидқидилдан ишлашга ундайди», — дейди Тошкент шаҳари ИИББ матбуот котиби Ирина Сайфутдинова. 

Маълумот учун, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида барча ҳудудларда секторлар фаолияти йўлга қўйилган. Унга кўра, тўртта сектор (ҳокимият, прокуратура, ички ишлар органлари ва солиқ) давлат органларини аҳоли билан янада яқинлаштириш, халқ билан тизимли мулоқотни йўлга қўйишда муҳим омил бўлиши белгиланган.

Алишер Рўзиохунов тайёрлади. 
Тасвирчи ва монтаж устаси — Отахон Юсупов

Мавзуга оид