Ротенберг иши
2007-2016 йилларда Англия Премьер-лигасига ҳомийлик қилган «Barclays» банки футбол мухлислари орасида ҳам машҳур. АҚШ молия разведкаси ҳисобланган FinCEN’нинг ОАВга сиздирилган маълумотларида мана шу обрўли банк ҳақида ҳам гап кетган.

Аввало Аркадий Ротенберг кимлиги ҳақида икки оғиз. Россия спортида катта обрўга эга бўлган бу шахс Россия президенти Владимир Путиннинг яқин дўсти ҳам. Петербурглик олигарх ўз вақтида мураббийлик бўйича ўнлаб илмий қўлланмалар муаллифи бўлган. Тадбиркорлик соҳасида ҳам омади келган. Бир қатор банклар ва корхоналар эгаси. 2012 йилдан доллардаги миллиардер сифатида Forbes рўйхатидан ўрин олган.

У 2014 йилда АҚШ ва Европа Иттифоқининг «қора рўйхати»га тушиб қолган. Ғарбдаги банкларга у билан ҳамкорлик қилиш тақиқлаб қўйилган. FinCEN’дан сизиб чиққан (аслида ОАВга сиздирилган дейиш тўғрироқ) маълумотларга кўра, Ротенберг санкцияларни четлаб ўтиш учун «Barclays»даги яширинча ҳисоб-рақамлардан фойдаланган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Аркадий Ротенберг ва акаси Борисга жиддий айблов билан санкция қўллаган – Қримни босиб олишда иштирок этгани учун. Разведка маълумотларида ака-ука Ротенберглар Россия президентининг яқинлари экани таъкидланган. Маълумотларда айтилишича, улар Путиннинг шахсий лойиҳаларини молиялаштириш эвазига «Газпром» ва Сочи олимпиадаси орқали миллиардлаб доллар ишлаб олишган.

Аркадий Ротенберг ва Владимир Путин Сочидаги дзюдо бўйича очиқ машғулотларда. 2019 йил

2018 йилда санкцияларга Аркадий Ротенбергнинг ўғли Игорь ҳам киритилади. FinCEN маълумотларига кўра, санкцияларга қарамай Ротенберглар АҚШ ва Британия орқали пулларини айлантириб юраверишган.

Санъатга сарфланган пуллар
ОАВга чиқиб кетган маълумотларга кўра, 2008 йилда «Barclays» банкида «Advantage Alliance» компанияси учун ҳисоб-рақами очилади. Бу ҳисоб-рақами орқали 2012-2016 йиллар оралиғида 60 миллион фунт миқдорида пул ўтказмалари амалга оширилади. Бу пулнинг аксар қисми Аркадий Ротенбергга санкция қўлланганидан сўнг транзакция қилинган. Жорий йил июль ойида АҚШ Сенати Ротенбергларни санкциялардан қочиш учун яширинча йўл билан санъат асарларини сотиб олганликда айблади. Бу савдоларда қатнашган компаниялардан бири эса айнан «Advantage Alliance» бўлган. Америкалик терговчилар бу - компания Ротенбергларга тегишли эканининг яққол исботи деган хулосага келишган.