«Назорат яхшиланганига қарамай, муаммо ҳал бўлмаяпти» — молия вазири давлат ташкилотларидаги молиявий жиноятлар ҳақида
Сенатнинг 15-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева Молия вазири Тимур Ишметовдан давлат ташкилотларидаги молиявий жиноятларнинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида сўради.
Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2020 йил ва 2021 йилнинг биринчи чораги якунлари бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари муҳокама қилинди.
Ушбу масала бўйича молия вазири Темур Ишметов ҳисобот берди. Сенат раиси Танзила Норбоева бюджет маблағларини мақсадли сарфлаш бўйича муаммолар борлигини таъкидлаб, ортиқча тўловлар, маблағларни бошқа йўналишларга сарфлаб юбориш ҳолатлари кўп кузатилаётгани боис, коррупцион ҳолатлар турли вазирликлар ва ҳокимликларда юз бераётгани, бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида қандай чоралар кўрилаётгани ҳақида сўради.
Вазирга кўра, назорат яхшиланганига қарамай, бу борада муаммо ҳал бўлмаяпти, масала яна текширишга бориб тақалмоқда.
«Бу бизни ҳам қийнаб келаётган оғриқли масала. Бу бўйича Ҳисоб палатаси, Президент администрацияси билан бирга, умуман, Ўзбекистонда давлат молия назорат тизимини янгидан ташкил этиш бўйича иш олиб боряпмиз. Бу молия тизимидаги бўлинма эмас, умуман, давлат нуқтаи назаридан ёндашилади. Ўтган йили «Давлат молиявий назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам ишлаб чиқдик. Лекин охирги жараёнларда шуни кўрдикки, деярли сиз айтган масала ҳал бўлмаяпти. Назорат яхшиланяпти, лекин барибир бориб текширишга тақаляпти масала. Яъни бунинг олдини олишга асосий эътибор бериш кераклиги аён бўлмоқда. Шу мақсадда Жаҳон банки, Халқаро валюта жамғармасидан техник кўмак сўраб, экспертлар билан ўрганиб, шу хулосага келиндики, бу қонун лойиҳасини қайтадан ишлаб чиқиш керак. Давлат молиявий назоратини кўпроқ олдини олиш йўналиши бўйича ишлаймиз.
Бизда ҳозир ҳам Ҳисоб палатаси, ҳам Молия вазирлиги текшириш назорати бор. Бир-бир ярим йил давомида Ўзбекистонда ягона ташқи аудит Давлат аудит тизимини шакллантириш, кенгайтириш мақсад қилинган. Давлат молиявий назорати департаменти фаолияти ҳам чекланган. Улар ҳудудлардаги ҳокимиятларга бўйсунади, десак ҳам бўлади. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари топшириғини бажаради кўпроқ. Улар устидан назорат қилувчи, топшириқ берувчи раҳбарлар кўп. Ҳисоб палатаси эса ҳақиқий мустақил орган. Шу йўналишларга ўзгартириш киритиш белгиланган», деди у.
Шунингдек, Ишметов ички аудит тизимини йўлга қўйгач, давлат молиявий назорати тўлиқ ўзгартирилиши ҳақида гапирди
«Кейингиси молия вазирлиги кўпроқ бюджет ташкилотларида аудит тизимини йўлга қўйиш масаласи. Бунинг учун молия вазирлиги қошида ички аудит методологиясини ишлаб чиқиш ва вазирликдаги ички аудит сифатини ошириш борасида кўпроқ ишлар амалга оширилади. Бу йўналишда ташкилий ишларни амалга ошириш бўйича тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилган, у тасдиқлангач, давлат молиявий назорати тўлиқ ўзгартирилади», дея таъкидлади у.
Мавзуга оид
17:03 / 25.11.2024
Ўзбекистонда «Зўравонликка қарши 16 кун фаоллик» тадбирларига старт берилди
16:12 / 22.11.2024
Танзила Норбоева Россияда МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида иштирок этди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
13:10 / 17.11.2024