Жамият | 15:13 / 22.09.2020
26008
10 дақиқада ўқилади

Андижонда инвестор ўзи қурган бозордан фойдалана олмаяпти. Бу ҳуқуқ банкрот бўлган МЧЖга берилган

Отанг бозор, онанг бозор, деган гап бор. Инсон ҳаёти бозор билан узвий боғлиқ. Озиқ-овқат бозори, кийим-кечак бозори... турлари кўп. Бозор сотувчи ва харидорларга қанчалик қулай бўлса, у ердан фойдаланувчилар сони ҳам ортади, тушумлар ҳам кўпаяди. Аммо маҳаллий ҳокимият идораларида қарор чиқаришда йўл қўйилган камчиликлар, суд қарорларига эътиборсизлик, давлат рўйхатидан ўтказишдаги чалкашликлар бозор қурган тадбиркорларнинг судма-суд юришига сабаб бўлмоқда.

– Бозорни қурдиришди, битганидан сўнг, фойдаланишни бошқа ташкилотга топширди. У ташкилот банкрот деб топилган эди...

– Уларнинг қароридаги «доимий фойдаланиш билан» деган қисми нотўғри бўлган, қолаверса, бозордан фойдаланиш учун давлат улуши камида 51 фоиз бўлиши керак...

Юқоридаги гаплар Андижон шаҳрида йирик бозор қурган тадбиркор ва шаҳар ҳокимлиги юрист-консултининг изоҳларидан. Биз водий вилоятларига сафаримиз чоғида ушбу муаммоли ҳолат юзасидан ҳам ўрганиш ўтказдик.

Даставвал Андижон шаҳар айланма ҳалқа йўли бўйида, Ёрбоши кўчасида барпо қилинган бозор ҳақида. Муаммо нимадалиги ҳақида ушбу бозорни қуриш учун бир неча миллиард сўм маблағ сарфлаган инвестор «Ҳамкор Транс Барака» МЧЖ юристи Давронбек Солиевга қулоқ тутамиз.

Унинг сўзларига кўра, 2018 йил 25 августда Андижон шаҳар ҳокими Д.Раҳматуллаев 918-қарорни имзолаган. Унда «Ҳамкор Транс Барака» МЧЖга Ёрбоши кўчаси 4-манзилда жойлашган ер майдонларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан савдо қилувчи турғун савдо дўконлари, умумий овқатланиш шохобчалари, маъмурий бино, омборхоналар, совутгич омборхоналари ва ёрдамчи бино-иншоотлари бўлган «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» қуришга рухсат берилади.

«Ҳамкор Транс Барака» МЧЖ юристи Давронбек Солиев

Айни қарор билан шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 22 февралдаги 169-сон, 2018 йил 6 апрелдаги 402-сонли қарорлари бекор қилинади.

«Ушбу ерда бозор қуриш қарори бизга қадар 2та ташкилотга берилган бўлса-да, иккисида ҳам молиявий имконияти бўлмагани боис, пул тикмаган. Шу сабабли ҳокимлик бизга мурожаат қилиб, салоҳиятли тадбиркорлигимизни қайд қилган ҳолда бозорни қуриб бериш орқали президентнинг 2017 йил 27 мартдаги ПҚ-2853-сонли қарори ижросини таъминлашда ёрдам беришни сўради», – дейди Давронбек Солиев.

Лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, Қурилиш вазирлигидан 2018 йил ноябрда олинган 1451-18-сон рухсатнома асосида барпо қилинган бозордаги бино ва иншоотлар 2019 йил 15 октябрда Интерактив давлат хизматлари ягона портали орқали фойдаланишга қабул қилинган. 2020 йил 9 июнда бозор жойлашган 4,7 гектарлик ер майдонига доимий фойдаланиш ҳуқуқи «Ҳамкор Транс Барака» МЧЖ номига расмийлаштирилади.

Тадбиркор бозорни қурганидан сўнг, табиийки, бозорни ишлатиш лозим. Бироқ, ундан фойдаланишни йўлга қўйиш вазифаси «Ҳамкор Транс Барака»га эмас, бошқа бир МЧЖга, аниқроғи Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан банкрот деб топилган «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори»га берилди. Бу эса инвестор ва ҳокимлик ўртасидаги келишмовчиликни келтириб чиқарди.

Банкрот бўлган корхонанинг ҳамон ноқонуний фаолият юритиб келаётгани Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 9 июлдаги ҳал қилув қарорида ҳам қайд этилган.

Ушбу судда учинчи шахс сифатида иштирок этган Андижон шаҳар ДСИ бошлиғи ўринбосари А.Каримовга кўра, «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» МЧЖ банкрот деб эътироф этилган, жамиятга нисбатан тугатиш ишлари олиб борилган. Қолаверса, МЧЖ солиқ тўловчи эмас, низоли объектда тўлов патталарини йиғиб фаолият юритиши ноқонуний, низоли мулкнинг барча солиқлари ва мажбурий тўловларини «Ҳамкор Транс Барака» МЧЖ амалга ошириб келмоқда.

Айнан шу нарса бозорни қурган тадбиркорда саволлар пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда.

«Суд қарорида амалда фаолият кўрсатмаслиги таъкидланмоқда, бироқ биз қурган бино-иншоотлардан фойдаланиб, тушумлар, патта тўловлари ва бошқа йиғимларни йиғмоқда. Ҳокимлик бозордан фойдаланишни шу фирмага топширишни айтмоқда. Савол туғилмоқда: нима учун уларга топширишимиз керак? Чунки бозор қурилаётганда ҳеч ким келиб хабар олмаган. Тайёр қуриб битказганимиздан кейин шу гаплар, муаммолар пайдо бўлиб, янги эга чиқяпти», – дейди Давронбек Солиев.

Тадбиркор вакилининг сўзларида жон бор: ахир, Андижон шаҳар ҳокимининг 2018 йил 25 августдаги 918-сонли қарорида ер майдони тадбиркорга «доимий фойдаланиш ҳуқуқи» билан берилиши қайд этилган-да.

Бундан ташқари, МЧЖ ҳокимликка мурожаат қилиб, бозорни юритиш уларга тақдим қилинса, ҳозирги фирма давлат ғазнасига қанча маблағ тушираётган бўлса, ундан икки карра маблағ топшира олишини билдирган.

16 млрд сўм эвазига қурилган бозор имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаётганига гувоҳ бўлдик. Қолаверса, лойиҳанинг қолган қисмини қуриш ишлари тўхтаб қолгани оқибатида бозорнинг ярмидан ортиқ майдонидаги санитар-гигиеник аҳвол ёмонлиги ҳам бор гап. Бу ер ҳафтанинг пайшанба ва якшанба кунлари одамлар билан гавжум бўлиб, биров-бировни танимайди. Шу кунлари бугунги кунда долзарб бўлиб турган ижтимоий масофа ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Хўш, тадбиркор шунча ишни қилибди, яна давом эттириш истагида, ҳокимлик нима учун банкрот деб топилган, ҳатто маъмурий биноси бўлмаган фирмага бозор бошқарувини тақдим этди? Мазкур муаммо юзасидан ҳокимлик нуқтайи назари қандай?

Мавзуга доир саволлар билан Андижон шаҳар ҳокимлиги бош юрист-консульти Муфтоҳиддин Раҳмоновга мурожаат қилдик.

Унинг сўзларига кўра, ҳокимликнинг бозордан фойдаланишни айнан «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори»га беришининг ўз сабаби бор.

Биринчидан, 4,7 гектар ер майдонини бозор қуриш учун ажратиб беришга асос бўлган ва «Ҳамкор Транс Барака» МЧЖ томонидан 2018 йил 17 августда тақдим этилган кафолат хатида ««Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» МЧЖга бириктирилган 4,7 гектар майдонда бино-иншоотлар қуриб битказилганидан сўнг, ер майдони бозор тасарруфида қолишини кафолатлаши» таъкидланган.

«Яъни ер майдонини қайтариб бериш шарти билан бино-иншоотларни қуриб битказаман, деган», – дейди Муфтоҳиддин Раҳмонов.

«Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» МЧЖ ҳамда «NBU Bunyodkor Invest» МЧЖ бозор қуриш вазифасини бажара олмагач, бозорни қуриш «Ҳамкор Транс Барака» МЧЖга топширилган. Мен ушбу ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб чиқдим. Шаҳар ҳокимининг қароридан бошқа бирорта қарорости ҳужжатларда ер майдони доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан берилиши қайд этилмаган», – дейди ҳокимлик бош юрист-консульти.

Унинг айтишича, айни шу нарса ҳокимлик ва тадбиркор ўртасидаги низога сабаб бўлмоқда. Шаҳар ҳокимлиги қароридаги айни хатони тузатиш мақсадида 2020 йил 22 июлда 330Қ-сонли қарор қабул қилинган.

Ҳужжатлардаги англашилмовчиликнинг яна бири шуки, Андижон шаҳар ҳокимининг 918-сон қарорига асос бўлган ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 25 февралдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг ўз кучини йўқотганидир. Яъни шаҳар ҳокими қарори Вазирлар Маҳкамаси қарори ўз кучини йўқотганидан сўнг, 2018 йил 25 августда чиқарилган.

Раҳмоновга кўра, «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» МЧЖ 2015 йил 23 сентябрда вилоят Адлия бошқармаси 70-сон билан рўйхатдан ўтган. Жамият низом жамғармаси 899 868 620 сўм деб белгиланган, бунда шаҳар ҳокимлиги улуши 70,5 фоизни ташкил этган. Буни Андижон шаҳар Давлат хизматлари маркази тақдим этган маълумотнома ҳам тасдиқлайди. Бозорнинг манзили сифатида Ёрбоши кўчаси 4-манзил кўрсатилган.

Аммо бизда савол туғилади: Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2019 йил 7 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» МЧЖ банкрот деб топилгани қаёқда қолди? Бу корхона касодга учраганми ёки йўқми? Касодга учраган бўлса, қайта ташкил этилиши керак эмасмиди? Ахир корхона 2015 йилда ташкил этилганидан кейин банкрот деб топилмаганмиди?

Ҳокимлик бош юрист-консультининг айтишича, тадбиркорга бир неча таклифлар билдирилган. Яъни бино-иншоотлар билан «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» МЧЖ таркибига кириш сўралган.

«Бироқ, – дейди М.Раҳмонов, – «Ҳамкор Транс Барака» бу таклифни рад этмоқда. Қонунчилик бўйича бозорларда давлат улуши камида 51 фоиз бўлиши керак бўлса, қолган 49 фоиз улуш уларга берилишини талаб қилмоқда. Ҳокимлик қурган бино-иншоотларни баҳолатган ҳолда мавжуд «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари улгуржи бозори» МЧЖ таркибига кириши кераклигини сўрамоқдамиз».

Хуллас, муаммонинг қисқача мазмуни шу. Бир қарашда жуда осонлик билан ҳал этиш мумкин бўлган келишмовчилик, фақат олтин ўрталикни топишга икки томонда ҳам истак топилса кифоя. Қабул қилинган айрим ҳужжатларни ўзаро англашган ҳолда тузатиб, мавжуд муаммони судни аралаштирмасдан ҳам ҳал қилса бўлади.

Аммо икки томоннинг оёқ тираб олиши, ҳокимликнинг ҳеч ким қурмаган вақтда, ўз ёнидан пул сарфлаб, кредит олиб президент қарори ижросини таъминлашда ёрдам берган тадбиркорга ёнбосишни хоҳламаслиги ортидан икки томон сарсон.

Ўртада ким-ким – банкрот деб топилган бошқа бир корхона ҳузур қилмоқда.

Касодга учраган корхонанинг бозорда патта пулларини йиғиши, солиқ ёки бошқа назорат қилувчи идораларнинг бунга йўл қўйиб беришининг биз билмаган бошқа сабаблари бордир, ким билсин?!

P.S.: Бугунги кунда ушбу иш бўйича суд эшитувлари давом этмоқда. Унда гоҳ инвесторнинг, гоҳида тадбиркорнинг қўли баланд келиб турибди. Юқорида айтганимиздек, бундан фақат касодга учраган фирма ютмоқда.

Мавзуга оид