Италияликлар парламентни учдан бирга қисқартиришга қарор қилди
Италияликлар референдумда ҳукмрон коалициянинг парламент қуйи ва юқори палаталарида депутатлар сонини камайтириш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади. Бироқ, мамлакатда сайловлар 2022 йилдан эрта ўтказилмайди, дея айтиб ўтди экспертлар.
20-21 сентябрь кунлари Италияда бўлиб ўтган референдум иштирокчиларининг 69,63 фоизи парламентнинг иккала палатаси - сенат (юқори палата) ва депутатлар палатаси (қуйи) вакиллари сонини қисқартириш ташаббусини маъқуллади. 30,37 фоиз одам қарши бўлган. Бу сайлов бюллетенларининг 99 фоизи қайта ишлангандан кейин эълон қилинган оралиқ овоз бериш натижаларидир.
Шу тариқа, энг юқори даражадаги қонун чиқарувчилар сони 945 нафардан 600 нафаргача камаяди: депутатлар палатаси 630 ўрин ўрнига 400 ўрин, сенат 315 ўрнига 200 ўринга эга бўлади.
Ҳам қуйи палата депутатлари, ҳам Италиядаги сенаторларнинг аксарияти тўғридан-тўғри овоз бериш йўли билан сайланади. Бу Франция ёки Буюк Британиядаги вазиятдан фарқ қилади, у ерда юқори палата аъзоларининг аксарияти (тегишли равишда сенат ва лордлар палатаси) тўғридан-тўғри сайланмайди, балки минтақавий қонун чиқарувчи органлар ёки бошқа органлар томонидан сайланади.
Италияда қонун чиқарувчилар сонини қисқартириш ташаббусининг асосий тарафдорлари - «Беш юлдуз ҳаракати» партияси. У марказий-сўл Демократик партия билан биргаликда ҳукмрон коалициянинг бир қисмидир. Парламентни қисқартириш ўн йил ичида миллиард еврони тежайди, дея ваъда берган «Беш юлдуз ҳаракати». Бундан ташқари, қонунчилик тизимининг самарадорлиги ошади, деб ҳисоблашмоқда партияда. «Агар депутатлар сони камайтирилса, бу партияларга ўз ишининг сифатига урғу берадиган вакилларни танлашга туртки бериши аниқ», - дея маълум қилди овоз бериш олдидан «Беш юлдуз ҳаракати» депутати Мишель Содано.
Ушбу ғоя Демократик партия раҳбари Никола Дзингаретти томонидан ҳам қўллаб-қувватланди, у уни ҳукумат ислоҳотлари дастурининг бир қисми деб атади. Асосий мухолифат кучлари - «Лига» ва «Олға, Италия» ўнг партиялари ҳам ўзгаришларни қўллаб-қувватлади. Италия ташқи ишлар вазири, «Беш юлдуз ҳаракати» вакили Луижи ди Майо референдум натижаларини «тарихий» деб атади.
Мамлакатлар юқори даражадаги қонун чиқарувчи органлардаги кишилар сонини 10 фоиздан кўпроққа қисқартирган ҳолатлар камдан-кам учрайди - 1945 йилдан 2008 йилгача бўлган вақт давомида бу 20 мартадан кам бўлган, деди Вена университети мутахассиси Мэттью Бергман. Тулуза университети ва Париж иқтисодиёт мактаби тадқиқотчилари Италияда ҳозир депутатлар сони жуда кўп, деб ҳисоблашмоқда. Улар ушбу мамлакат учун қонун чиқарувчиларнинг энг мақбул сони ҳисобланган формулани яратдилар - 570 кишига яқин.
Мавзуга оид
18:29 / 12.11.2024
Италияда 2 мингдан зиёд сохта санъат асарлари мусодара қилинди
15:17 / 11.11.2024
Италиянинг Помпей шаҳри харобаларига саёҳатчилар ташрифи чекланади
23:01 / 06.11.2024
Қатар аҳолиси парламент сайловларидан воз кечишга овоз берди
12:50 / 05.11.2024