Ўзбекистон | 22:08 / 23.09.2020
5217
2 дақиқада ўқилади

Парламентлараро иттифоқ бош котиби Ўзбекистон президентининг таклифини қўллаб-қувватлади

Парламентлараро иттифоқ (ПАИ) бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқи юзасидан ўз фикрини билдирди. 

«Парламентлар Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёнининг муҳим иштирокчилари ҳисобланади.

Уларнинг муҳим роли 2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш кун тартибида эътироф этилган. Парламентлар глобал кун тартибидаги масалаларни ўз ичига олган, миллий устувор йўналишларни белгилайдиган ва молиявий воситаларни тақсимлайдиган ички қонунчилик учун жавобгардир. Парламентлар ўзларининг назорат функциялари орқали ривожланиш мақсадлари ва устувор йўналишлари одамларга фойда келтиришини назорат қилади.  Миллий парламентлар глобал кун тартибидаги масалаларни миллий даражага олиб чиқади ва улар Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишга тўлиқ жалб этилмаса, муваффақиятсизликка дуч келиши мумкин.

Қисман ПАИ фаолияти туфайли парламентлар Барқарор ривожланиш мақсадлари тўғрисида хабардор бўлади ва уларнинг кўпчилиги бу мақсадларни институционализация қилиш чораларини  кўрди. Бизнинг бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимиз давом этмоқда ва биз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида ҳисса қўшишга қаратилган ҳар қандай ташаббусни мамнуният билан қабул қиламиз.

Шу боис мен Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш тўғрисидаги таклифи билан табриклайман. Ўз навбатида, Парламентлараро иттифоқ ушбу резолюциянинг  амалга ошишига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр».

Эслатиб ўтамиз, 23 сентябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида чиқиш қилди. Унда давлат раҳбари минтақа ва глобал миқёсда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиёт, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш каби масалаларда ўз ташаббусларини илгари сурди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид