Жаҳон | 16:25 / 24.09.2020
7153
5 дақиқада ўқилади

Италия эпидемиянинг даҳшатли зарбидан қандай қилиб оёққа туриб олди?

Коронавирус эпидемияси Европада биринчи бўлиб аниқланган мамлакат бўлмиш Италия пандемиянинг дастлабки ойларида кўп сонли касалланиш ҳолатлари ва ўлим кўрсаткичлари билан даҳшат манзилига айланганди. Сўнгги кунлардаги маълумотлар эса бошқа кўплаб Европа мамлакатларига қараганда анча ижобий кўриниш олди.

Фото: Reuters

Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази (ECDC) маълумотларига кўра, сўнгги 2 ҳафта мобайнида 100 минг кишига тўғри келадиган ҳолатлар сони Италияда 33.5ни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич Испанияда 100 мингга 300.5, Францияда 185.8, Мальтада 125.4, Бельгияда 105.4, Австрияда 101.3 ва Англияда 69.3ни ташкил қилади.

Мазкур маълумотлар, ўз навбатида, эпидемиядан биринчилардан бўлиб энг кучли зарбани қабул қилиб олган Италиянинг сўнгги ҳафталарда Ғарбнинг бошқа мамлакатларига нисбатан нега яхшироқ ҳолатда экани билан боғлиқ саволлар туғилишига сабаб бўлмоқда.

Италияда илк коронавирусга чалиниш ҳолати февраль ойида аниқланган, дастлабки ўлим ҳам мазкур ой охирида қайд этилганди. Март ойи сўнггида эса эпидемиянинг эгри чизиғи энг юқори даражага кўтарилганди. 21 мартда 6 минг 557та кунлик янги ҳолат, 27 мартда эса 919 ўлим ҳолати кузатилиши ортидан рекорд янгиланганди.

Июнь ойи охири – июль ойи бошларида кунлик ҳолатлар сони 100-200лик диапазонга тушди. Кунлик ўлим кўрсаткичлари ҳам бир хонали рақамларда ифодаланадиган бўлди. Бироқ август ойида эпидемиянинг эгри чизиғи яна кўтарила бошлади ва кунлик ҳолатлар сони мингдан ошди.

22 сентябрь ҳолатига кўра, кунлик ҳолатлар сони 1 минг 392, кунлик вафот этганлар сони эса 14 нафарни ташкил этди. Мамлакатда эпидемия бошланганидан буён коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 300 минг 897га, вафот этганлар сони эса 35 минг 738 нафарга етди.

Италияда чеклов чораларини узоқ ва қатъий тарзда амалга оширилиши, контактлар кузатиб борилгани, тест стратегияси ўзгартирилгани ва ниқоб тақиш каби қоидаларга юқори даражада риоя этилгани ўзининг ижобий  самарасини бергани тахмин қилинмоқда.

Шу билан бир қаторда, Италияда баъзи бошқа Европа мамлакатларига қараганда, тестлар сони кам экани, шунинг учун хам ҳолатлар сони озлиги айтилмоқда.

Мамлакат бўйлаб амалга оширилган қатъий чора-тадбирлар
Италия ҳукумати февраль ойи охирида эпидемия кенг тарқалган шимолий ҳудудларда, март ойидан эътиборан эса бутун мамлакат бўйлаб қатъий чеклов чораларини кўра бошлади.

Саёҳат чекловлари; мактаблар, ресторанлар, барлар, иш жойларининг ёпилиши; уйдан фақат зарурат туғилгандагина чиқишга рухсат берилиши; йиғилишларни тақиқлаш каби чора-тадбирлар мамлакат бўйлаб тахминан 3 ой мобайнида амалда бўлди.

Эпидемиянинг эгри чизиғи пасая бошлагач, май ойидан бошлаб чекловлар аста-секин юмшатила бошланди.

Фото: Reuters

Бутун мамлакат бўйлаб чора-тадбирларни бошқа мамлакатларга нисбатан эртароқ ва узоқроқ қўллангани, улар босқичма-босқич юмшатилгани эпидемия эгри чизиғи пасайишининг энг муҳим омилларидан бири сифатида баҳоланмоқда.

Гарчи Италияда чеклов чоралари деярли бекор қилинган бўлса-да, ёпиқ биноларда ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлаш мажбурияти ҳамон сақланиб қолмоқда. Алоқаларни кузатиб бориш мақсадида ресторанларда мижозлар рўйхатга олинмоқда. Аэропортларда, темир йўл бекатларида, тадбирларда ва ҳатто баъзи пляжларда ҳам одамларнинг тана ҳарорати ўлчаб турилибди.

Испания ва Мальта каби «хавфли» мамлакатлардан келган йўловчилар аэропортларда 30 дақиқада натижаси маълум бўладиган Covid-19 тестидан ўтказилмоқда.

Март ойи бошидан эътиборан ёпиқ бўлган мактаблар ўтган ҳафта қисман ва шу ҳафтадан эса илк бор қайтадан очилди. Мактаблар очилишининг эпидемиянинг эгри чизиғига таъсири бир неча ҳафта ичида намоён бўлиши кутилмоқда.

Фавқулодда ҳолат 15 октябрга қадар узайтирилди
Вирус билан боғлиқ маълумотларни маҳаллий соғлиқни сақлаш мутасаддилари ва шифохоналардан мунтазам равишда тўплаш орқали ҳар ҳафта мамлакатдаги умумий сўнгги вазиятни акс эттирувчи ҳисоботлар тайёрланмоқда. Ҳукумат ўз қарорларини ушбу маълумотлар ва илмий-техник қўмиталарнинг тавсияларига мувофиқ қабул қилмоқда.

Коронавирус эпидемияси сабабли мамлакатда 31 январь куни эълон қилинган фавқулодда ҳолат 15 октябргача узайтирилди. Фавқулодда вазият эълон қилиниши ҳукуматга янги эпидемия ўчоқлари аниқлангудек бўлса, тезкор чоралар кўриш имкониятини беради.

Контактларни кузатиш ва хавфли ҳудудлардан қайтиб келганларни тестдан ўтказиш орқали симптом кузатилмаган ҳолатларни ҳам аниқлаш осонроқ кечмоқда.

Ҳудудлар бўйича фарқланишга қарамай, умуман олганда, ўзида касаллик хавфини сезганлар ўз оилавий шифокори кўрсатмасига биноан, бепул тестдан ўтишлари мумкин. Хусусий клиникаларда ҳам ҳар хил нархларда тест топшириш имконияти яратилган. Сўнгги ҳафталарда тест топширишда жиддий муаммолар кузатилмагани айтилмоқда.

Тестлар сони кам
Айни пайтда Италияда ўтказилган тестлар сони бошқа Ғарб давлатларига қараганда камлиги эътиборни тортмоқда.

Европа касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш маркази маълумотларига кўра, 7-13 сентябрь кунлари Италияда 598 минг 861та тест ўтказилган ва 9 минг 959та янги ҳолат аниқланган. Шу ҳафта ичида Францияда 1 миллион 41 минг 279та тестда 56 минг 205та янги ҳолат; Англияда 1 миллион 511 минг 934та тестда 21 минг 10та янги ҳолат; Испанияда эса 618 минг тестда 67 минг 373та янги ҳолат аниқланган.

Мавзуга оид