Ўзбекистон | 22:55 / 25.09.2020
10838
3 дақиқада ўқилади

Эксперт изоҳи: Коронавирус инфекциясининг юқумли бўлмаган тури ҳам мавжудми?

Коронавирус инфекцияси асосан касалланган бемор нафас чиқарганда майда зарралар билан атрофга тарқалади. Бу ҳолат хар сафар бемор акса урганда, йўталганда ва ҳатто гапирганда юз беради, деди Наргиза Нуруллаева.

АОКАда ўтказилган брифингдан Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева “Коронавирус инфекциясининг юқумли бўлмаган тури ҳам мавжуд экан, шу тўғрими?”, дея берилган саволга жавоб қайтарди.

«Баъзи тадқиқотларнинг кўрсатишича, заррачалар қўшиқ куйлаганда ва оддий нафас олганда ҳам тарқалади. Бу зарралар йирик бўлиб, улар маълум бир масофада тарқала олмайди ва тез пастга қулайди. Соғлом кишилар ушбу зарралар мавжуд бўлган ҳаводан нафас олганларида касалланишлари мумкин. Вирус инсон организмига шиллиқ қаватлар – оғиз, бурун ёки кўз орқали тушади. Вируснинг яшовчанлиги ташқи юзалар тури ва атроф муҳит шароитига боғлиқ равишда маълум муддат сақланиб қолади.

Олимларнинг аниқлашларича вирус паст ҳароратда бир неча ҳафта, хона ҳароратида картонларда 24 соатгача, темир буюмларда 48 соатгача, пластик буюмларда эса 72 соатгача яшаб қолади. Касаллик юқумлилиги ва оила аъзоларига юқиш хавфи юқоридаги омиллардан келиб чиқади», - деди штаб аъзоси саволга жавобан.

Брифингда ОИТС касаллиги билан рўйхатда турадиган шахсларда коронавирус касаллиги қандай кечиши бўйича ҳам маълумот берилди.

«ОИВ инфекцияси мавжуд бўлган ва касаллик ривожланганларда, шунингдек, паст даражада CD4 геноми мавжуд бўлган ва вирус юкламаси юқори бўлганларда, бундан ташқари антиретровирус даво олмайдиган беморлар касалликларнинг асоратлари ва инфекция юқиш юқори хавф гуруҳига кирадилар. Барча ОИВ мавжуд бўлган ёки назорат қилиш қийин бўлган ОИВ бўлганда қўшимча эҳтиёт чораларини кўриш лозим.

Ҳозирги кунда ОИВ мавжуд бўлганлар ва оддий аҳоли орасида COVID-19 билан зарарланиш хавфи ёки унинг асоратлари тўғрисида ишончли фарқ кўрсатилган маълумотлар йўқ. ОИВ мавжуд бўлган баъзи беморларда COVID-19 асоратларининг маълум хавф омиллари яъни, қандли диабет, гипертония ва бошқа инфекцион касалликлар кузатилиши мумкин. Шунга кўра ОИТС билан оғриганларда COVID-19`нинг оғир кечиши хавфи юқори бўлиши мумкин», - деди Наргиза Нуруллаева.

Мавзуга оид