Москвадаги «Карнеги» таҳлил марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 4 йиллик президентлик даври ҳақида мақола эълон қилинди. Муаллиф Юрий Саруханян мамлакат Мирзиёев даврида қандай ўзгарганини таҳлил қилган.

Шавкат Мирзиёев президентликка келгач, олдинги раҳбарият танқид қилинишига сабаб бўлган деярли барча муаммоларни ҳал қилди. Энди унинг олдида сўнгги йилларда пайдо бўлган янги муаммоларни ҳал қилиш вазифаси турибди. Ислоҳотларни амалга ошириш йилдан йилга қийин бўлиб бораверади.

Шавкат Мирзиёев учун кейинги йил биринчи президентлик муддатидаги сўнгги йил бўлади. Ортда қолган вақт давомида мамлакатда ҳам, дунёда ҳам уни ислоҳотчи президент сифатида билишди. Мирзиёев президентликка келиши билан кенг кўламдаги ислоҳотлар амалга оширилишини маълум қилганди. Чиндан мамлакатда ўзгаришлар бошланди: иқтисодиётда либераллик кўзга ташланди, сўз эркинлигининг дастлабки кўринишлари пайдо бўла бошлади, сиёсий элита эса дунё билан мулоқотга киришди.

Мирзиёевнинг ислоҳотлари бутун миллат томонидан қўллаб-қувватланди. Ислоҳотларга кўникканлар ҳам, уни қабул қила олмаганлар ҳам бўлди. Коронавирус эса ислоҳотларнинг белига тепди. Кўп мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳам пандемияга тайёр эмаслиги кўринди, кейинчалик бир неча босқичдаги карантин ўзининг иқтисодий асоратларини кўрсата бошлади.

Мирзиёев кейинги йил иккинчи муддат учун номзодини қўйиши кутилмоқда. Тўғриси, сайловларда жуда катта рақобат кутиш қийин. Президентни ҳозир бошқа савол ўйлантираётган бўлса керак: амалга оширилаётган ислоҳотларни давом эттириш керакми ёки янада аниқроқ ислоҳотларга ўтиш? Ахир Мирзиёев даврида ўзбек халқи анча талабчан бўлиб улгурди.

Репутациянинг янгиланиши
Ислом Каримов вафотидан кейин Шавкат Мирзиёев мамлакат раҳбарлигига келганида, жамоатчилик унинг ислоҳотлар режасига ишонишда эҳтиёткорликни унутмади. Айримлар 13 йил олдин ҳукуматда иш бошлаган одам ислоҳотчи бўлишига ишонқирамаганди, бироқ Мирзиёев чиндан кўп нарсани ўзгартирди. Каримов даврида кўп танқид қилинадиган соҳаларда вазият яхшиланди: иқтисодиёт, жамоатчилик сиёсати ва халқаро алоқалар борасида ўзгаришлар рўй берди. Ўзбекистон қамоқхоналаридан кўплаб сиёсий маҳбуслар озодликка чиқарилди. Кексайиб қолган бу инсонлар энди мамлакат хавфсизлигига ҳеч қандай таъсир ҳам ўтказмаётганди. Шунингдек, ҳукумат Жаслиқдаги турли қийноқлар билан номи чиққан қамоқхонани ҳам ёпди.