Ўзбекистон | 13:46 / 28.09.2020
11815
6 дақиқада ўқилади

ИИВ Covid-19 марказига жалб этилган тиббиёт ходимларининг шикояти бўйича муносабат билдирди

Бироз аввал Тошкент шаҳридаги гимнастика спорт комплекси ҳудудида Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган Covid-19 марказига жалб этилган тиббиёт ходимларининг давлат раҳбари номига йўллаган шикояти эълон қилинганди.

Шикоятда 116 нафар тиббиёт ходимлари меҳнат ҳақи ва шартлари бир тарафлама ўзгартирилаётганидан норози бўлишганди. ИИВ ушбу мурожаатга нисбатан ўз расмий муносабатини билдирди.

«Ўзбекистон Гимнастика федерациясининг «Универсал» спорт мажмуасида ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг вақтинчалик шифохонасида меҳнат фаолияти олиб борган ҳамда айни вақтда ишлаб келаётган тиббиёт ходимлари томонидан Kun.uz расмий сайти орқали йўлланган мурожаат вазирликнинг масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекциясини юқтирган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 461-сон қарори талабларига мувофиқ, Ички ишлар вазирлигининг Марказий госпитали ҳузурида Ўзбекистон Гимнастика федерациясининг «Универсал» спорт мажмуасида 750 ўринга мўлжалланган вақтинчалик шифохона ташкил этилган. Мазкур вақтинчалик шифохона Тошкент шаҳар Юнусобод тумани Хўжа ота тор кўчаси 2-А уйда жойлашган.

Мазкур вақтинчалик шифохонага коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни қабул қилиш 2020 йил 2 август кунидан бошланиб, ҳозирга қадар ўз фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Вақтинчалик шифохонада тиббиёт ходимларининг иш тартиби 3 сменада ташкил этилиб, ҳозирги кунда жами 427 нафар тиббиёт ходимлари - 138 нафар шифокор, 154 нафар ҳамшира, 128 нафар кичик тиббий ходимлар ҳамда 7 нафар дезинфектор фаолият олиб бормоқда.

Шифохонада хизмат қилаётган тиббиёт ходимлари, Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тайёрланган «Covid-19 билан касалланган беморларни даволаш бўйича амалий қўлланма»га мувофиқ даволаш ишлари амалга ошириб келмоқда.

Вақтинчалик шифохонага шу кунга қадар 5942 нафар бемор мурожаат этган бўлиб, шундан 1485 нафар беморга тегишли тиббий консультациялар берилди, 4457 нафар бемор шифохонага жойлаштирилиб, улардан 3609 нафари соғлиги яхшилангани сабабли уйларига юборилди, айни вақтда шифохонада 690 нафар беморга нисбатан даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

Вақтинчалик шифохонада даволанаётган беморлар ва меҳнат фаолиятини олиб бораётган тиббиёт ходимларини овқатлантириш, лаборатория ва диагностика хизматлари ўрнатилган тартибда тузилган шартномалар асосида аутсорсинг шаклида амалга оширилмоқда.

Яшаш манзили олисда бўлган тиббиёт ходимлари бепул ётоқ-жой ҳамда 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланиб келинмоқда. 

Вақтинчалик шифохона фаолиятини самарали ташкил этиш, шунингдек, беморларни ҳамда жалб қилинган мутахассис ва бошқа ходимларни озиқ-овқат маҳсулотлари, дори воситалари, ниқоб, дезинфекция воситалари ва бошқа зарурий анжомлар билан таъминлаш харажатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 26 мартдаги ПҚ–4652-сон қарорининг 1-бандида тиббиёт ходимларига махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари ҳар 14 кунлик «вахта» усулидаги фаолият даври учун тўланиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси баёнига кўра, жорий йилнинг 20 август кунидан кейин тузилган меҳнат шартномаларига асосан меҳнат фаолиятини олиб борган тиббиёт ходимларига белгиланган махсус қўшимча рағбатлантириш тўловлари ҳар 30 кунлик иш даври якуни бўйича тўланиши қайд этилган.

Мазкур баён талабларига мувофиқ, вақтинчалик шифохонага тиббиёт ходимларини жалб этиш юзасидан тузилган меҳнат шартномасида кўрсатилган шартлар ўзгаргани сабабли, жалб этилган тиббиёт ходимлари эътиборига янги тартибни етказиш мақсадида вақтинчалик шифохона ҳудудида 2020 йил 9 сентябрь куни шифохонада хизмат қилаётган барча тиббиёт ходимлари иштирокида йиғилиш ташкил этилди.

Йиғилиш давомида ИИВнинг масъул ходимлари ва вақтинчалик шифохонада ташкил этилган штаб аъзолари томонидан махсус комиссиянинг тегишли баёнига мувофиқ, иш тартиби «вахта» усулидаги 14 кунликдан 8 соатлик 3 сменадаги 30 кунлик иш тартибига ўтказилиши ҳамда тиббиёт ходимлари уйига бориб-келган ҳолда ишлашлари мумкинлиги тўғрисида тушунчалар, шунингдек, йиғилишда иштирок этган тиббиёт ходимларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан жавоб берилди.

Мазкур тушунтириш ишлари олиб борилиши давомида аксарият тиббиёт ходимлари белгиланган тартибни тўғри қабул қилиб, ҳар бир ходим билан қўшимча келишув тузган ҳолда ихтиёрий равишда меҳнат фаолиятини давом эттириб келмоқда.

Йиғилиш якунида 30 кунлик иш тартибида ўзининг иш фаолиятини давом эттириш истагини билдирмаган 4 нафар тиббиёт ходимлари шу куннинг ўзида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишди ва уларга 20 август кунидан бошлаб 30 кунлик иш тартиби бўйича ҳисоб-китоб қилиниб, махсус рағбатлантириш тўловлари амалга оширилди», дейилади Ички ишлар вазирлиги эълон қилган расмий муносабатда.

Мавзуга оид